Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобил қурилмаларни IMEI кодларини рўйхатга олиш юзасидан баёнот берилди

Мобил қурилмаларни IMEI кодларини рўйхатга олиш юзасидан баёнот берилди

Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган. Бу тизим дунёнинг кўп мамлакатларида амалиётда қўлланиб келинмоқда. Мақсад маълум, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, республикамизга сифатсиз мобил қурилмаларнинг кириб келиши ҳамда унинг ноқонуний савдосининг олдини олишдир.

Низомга асосан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказишни онлайн (веб-сайт, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, масофавий SMS/USSD-сўровлар) ёки рўйхатдан ўтказиш пунктларига шахсан мурожаат қилиш орқали амалга ошириш имконияти яратилган.

Жисмоний шахслар мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг IMEI-кодини тақдим этишлари талаб қилинади.

Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобил қурилмаларнинг Давлат божхона қўмитаси томонидан ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганлигини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар текширилади.

Шу мақсадда Тизим оператори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйган. Бироқ, рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида рўйхатдан ўтказувчи шахс билан Тизим оператори ўртасида бевосита контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда.

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда республикамиз ҳудудига олиб кирган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида Тизим оператори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда ишламоқда.

Республика ҳудудида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли қарорининг 2-бандида «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги — мобил қурилмаларнинг идентификация кодларини рўйхатга олиш ва қўллаш, ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш бўйича ваколатли орган» деб белгиланган.

Шу асосда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси — Тизим оператори Жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларнинг ИМЕИ-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун шахснинг паспорт маълумотлари, учинчи шахслар томонидан ноқонуний фойдаланишини камайтириш учун мобил қурилмаларни учинчи шахсларнинг шахсий маълумотларидан (паспорт маълумотлари ва телефон рақамидан) фойдаланиш орқали рўйхатдан ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига қўшимча текширув алгоритми киритилди. Яъни, қурилманинг IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилганлиги талаб этилади.

Халқаро телекоммуникациялар иттифоқи ва Европа интеллектуал мулк агентлиги томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, айни пайтда ноқонуний уяли алоқа воситалари савдоси дунё бозорида салмоқли миқдорни ташкил қилади. Ачинарлиси, кўпинча бундан оддий истеъмолчи зарар кўриш ҳолатлари жудаям кўп.

Юқорида таъкидланганидек, дунёдаги кўплаб мамлакатларда (Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Белгия, Дания, Финляндия, Германия, Швеция, Норвегия, АҚШ, Туркия, Озарбайжон ва бошқа давлатлар) ноқонуний, ўғирланган ва қалбаки уяли алоқа воситалари савдосининг олдини олиш, телекоммуникациялар соҳасига йўналтириладиган инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсадида уяли алоқа телефонларининг IMEI рақамларини рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинган.

2019 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача республикамиз ҳудудига 58,8 минг дона мобил қурилма импорти амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида мобил қурилмаларнинг импорт хажми 7,7 баробарга ошган.

Аҳоли ва жамоатчилик орасида мобил телефонларни рўйхатдан ўтказиш тизимини бўйича кўпинча аҳолини чалғитувчи талқинлар ҳам мавжуд ва кузатилмоқда. Шу ерда бир қатор маълумотларни келтириб ўтишимиз мумкин. Бугунги кунда мобил қурилмаларни руйхатдан ўтказиш тизими орқали 47,14 млн. дан зиёд IMEI кодлар рўйхатдан ўтказилган.

Жумладан:

2019 йил 1 апрелдан 2019 йил 1 ноябргача – 42,61 млн. IMEI-кодлари автоматик тарзда;

2019 йил 1 ноябрдан 1 декабргача – 1,47 млн. та IMEI-кодлари бепул равишда операторга мурожаат этиш орқали;

2020 йилнинг 1 январидан 15 cентябргача – 3,06 млн. IMEI-кодлар пуллик асосда: шундан 691,1 минг дона импорт қилувчилар (22,5 фоиз), 51,5 минг дона маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (1,7 фоиз), 2,323 млн. дона жисмоний шахслар (75,8 фоиз) тизимда рўйхатдан ўтказилди.

Мобил қурилмаларни идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар мобил қурилмаларнинг импорт ҳажми 911 882 донани (47,3 млн. доллар) ташкил этди.

Мобил қурилмалар асосан Хитой, Ветнам, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг ва Қозоғистон давлатларидан импорт қилинган бўлиб, импорт қилувчилар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 тага ёки 2,7 баробарга ошган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг