Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мобил қурилма харид қилишда унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтганлигини текшириб олинг» — Бобур Тиллабоев (видео)

«Мобил қурилма харид қилишда унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтганлигини текшириб олинг» — Бобур Тиллабоев (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 сентябр куни АОКА мажлислар залида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси директори Бобур Тиллабоев ушбу тизимни жорий этишдан мақсад, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида маълумот берди ҳамда сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда юзага келаётган фикр-мулоҳазаларга ўз муносабатини билдирди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган. Бу тизим дунёнинг кўп мамлакатларида амалиётда қўлланиб келинмоқда. Ушбу тизимни жорий этишдан мақсад, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, республикамизга сифатсиз мобил қурилмаларнинг кириб келиши ҳамда унинг ноқуқний савдосининг олдини олишдир.

«Жисмоний шахслар мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг IMEI-кодини тақдим этишлари талаб қилинади.

Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобил қурилмаларнинг  Давлат божхона қўмитаси томонидан ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганлигини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар текширилади.

Шу мақсадда тизим оператори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйган. Бироқ, рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида рўйхатдан ўтказувчи шахс билан тизим оператори ўртасида бевосита контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда», — таъкидлади Бобур Тиллабоев.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги IMEI кодларни айрим шахслар томонидан ноқонуний рўйхатдан ўтказишга уриниш сингари ҳолатларга ваколатли органлар билан ҳамкорликда тегишли чоралар олиб борилмоқда ва бу узлуксиз давом эттирилади.

«Шу ўринда фуқароларимиздан республика ҳудудидан мобил қурилмаларни харид қилиш вақтида, мобил қурилманинг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтганлигини текшириб олишингизни сўраб қолардик. Текширишни 1170 қисқа рақамига IMEI-кодни SMS орқали жўнатиш ёки uzimei.uz сайти орқали текшириб олишингиз мумкин», — дейди Бобур Тиллабоев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг