Мисрга сув, Эфиопияга электр керак — Нил ГЭСи минтақавий инқироз ўчоғига айланиши мумкин
Миср, Судан ва Эфиопия ўртасида «Қайта туғилиш» (GERD) ГЭСи бўйича АҚШ шафеълигида ўтказилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Қоҳира ва Хартум ГЭСни қураётган Эфиопияни ўзаро битим шартларини бузишда айблади, деб хабар берди «Al-Ahram» нашри.
«Илгари уч мамлакат АҚШ ҳамда Жаҳон банки иштирокида ва шафеълигида келишган битим тамойиллари ва қоидаларидан Эфиопиянинг батамом чекинаётганидан Миср ва Судан норози», — дейилади Миср сув ресурслари вазирлиги берган баёнотда.
Қоҳира Эпиопиянинг қоидаларни бузиши минтақада инқирозли ҳолатни келтириб чиқаришидан хавотирда.
Эфиопия 2012 йилдан бери Мовий Нилда (дарёнинг шу қисми Судан ва Мисрдан ҳам ўтган — таҳр.) Африкадаги энг йирик гидроэлектростанцияни қурмоқда. Эфиоплар станция қурилиб битгунига қадар керакли миқдордаги сувни йиғишни июль ойидан бошлашни режалаштиришган. Бунинг учун 74 млрд. куб метр сув керак. Қоҳира тўғонни аста-секин — 10 йил давомида тўлдиришни талаб қиляпти. Эфиопия эса кўп кутмасдан, уч йилда сувни тўплаб олмоқчи. Агар эфиопларнинг «уч йиллик» режаси ишга тушса, Судан ва Мисрда 25 млрд. куб метр сув камомади ортидан қурғоқчилик бошланиб кетиб, ҳосил нобуд бўлади.
Талафотнинг каттасини Миср кўради. Бироқ, «Al-Monitor» нашри ёзишича, Қоҳира қурилишга қаршилик кўрсата олмайди, негаки халқаро ҳамжамият Мисрнинг Эфиопияга бевосита босим ўтказишига жим қараб турмайди. Шунинг учун ҳам мисрликлар ҳукумати нажотни ўзлари билан бир аҳволдаги, бироқ тарозининг палласини танлашда иккиланаётган суданликлардан кутишяпти.
Уч мамлакат етакчилари ўртасидаги учрашувга февраль ойида Вашингтон мезбонлик қилганди, ўшанда ГЭСни қандай бошқариш ва тўлдириш бўйича битимга фақат Миср имзо чекканди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter