Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллий музей раҳбари Президент бўлди

Миллий музей раҳбари Президент бўлди

Жорий йилнинг 31 августида Эстония Парламентида мамлакат президентлигига сайловларнинг иккинчи тури бўлиб ўтган эди. Овоз бериш натижаларига кўра, давлат раҳбари этиб Эстония миллий музейи директори Алар Карис давлат раҳбари этиб сайланди.

Биринчи турда А.Карис президент бўлиш учун зарур 68 та овозни тўплай олмаган эди. Унга 63 депутат овоз берган. Иккинчи турда эса 72 депутат уни ёқлади.

Бу галги сайловларнинг фарқланувчи жиҳати шунда бўлдики, рўйхатдан фақат битта номзод ўтди. У ҳам бўлса, мамлакат парламентида ҳукмрон коалиция – «Марказчилар» ва «Ислоҳотчилар партияси» вакили бўлди. Мазкур коалиция Рийгикогу яъни Эстония парламентида 101 та ўриндан 59 та жойни эгаллашган.

Уч боланинг отаси бўлган, 63 ёшли янги президент табиий фанлар бўйича илмий иш қилган бўлиб, 2003-2012 йилларда Эстония табиий фанлар университети ва Тартус университетларда ректор ҳам бўлган.

Унинг асосий вазифларидан бири мамлакатда ички сиёсий вазиятни барқарорлаштиришдан иборат бўлади. Чунки ҳозирда ҳукмрон партия ва мухолифат ўртасида солиқ ва пенсия ислоҳотлари бўйича мунозаралар авж олиб, вазият жиддий ёмонлашмоқда. А. Карис иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш тарафдори эканлигини билдирган.

Бундан ташқари, Ғарб давлатлари ва НАТО доирасида яқин ҳамкорликни олиб бориш баробарида расмий Москва билан конструктив мулоқотни кенгайтиришни истайди.

Эстониянинг амалдаги президенти Керсти Кальюлайд хоним 2016 йилда бу лавозимга келган бўлиб, ўз номзодини иккинчи муддатга илгари суриш учун парламент партияларида керакли қўллаб-қувватлашни ола олмади. Унинг ваколат муддати 10 октябрда ўз ниҳоясига етади.

Эстонияда президент 5 йил муддатга сайланади ва икки  муддатдан ортиқ бу лавозимда ўтириши мумкин эмас.  Президентликка номзод 40 ёшдан ошган бўлиши ва туғилганда Эстония фуқароси бўлиши лозим.

Шунингдек, жорий йилнинг 17 октябрида муниципал сайловлар ҳам бўлиб ўтади.

Дилдора Шомуродова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг