Миллиардер телебошловчидан 7 маслаҳат
Опра Уинфри — телебошловчи, продюсер, актриса, жамоат арбоби, ўзининг шахсий ток-шоусига эга бўлган ва уни доимий равишда олиб борган ягона аёл. 1988 йили халқаро радио ва телевизион жамияти овозлар сонига кўра, энг ёш ва биринчи афро-америкалик бу хонимни «Йил шарҳловчиси» мукофоти билан тақдирлаган. 1992 йили «Good Housekeeping» уни «Энг мафтункор аёл» сифатида Барбара Буш ва она Терезадан сўнг учинчи ўринга муносиб деб топган.
1993 йили авиация тадқиқоти билан шуғулланадиган фирмалардан бири «Самолётда ким билан ёнма-ён ўтиришни хоҳлар эдингиз?» деган сўровнома ўтказганида Ҳиллари Клинтон, Арнольд Шварценеггер, Росс Перо ва бошқа машҳурларни ортда қолдирган Опра Уинфри биринчиликни эгаллади. Худди ўша йили у «Жулдурвоқининг бойиши» мукофотини ҳам қўлга киритди.
2021 йили Опра Уинфрининг бойлиги 2,6 миллиард доллар деб баҳоланди. У қора танли биринчи миллиардер-аёл саналади.
Афсона ва дунёвий брендга айланган «ТВ қироличаси» — Опра Уинфри ўз тамойилларига эга. Машҳур журналлардан бири («Ink.») ушбу телеюздузнинг ҳаёти ва фаолиятидан олинган 7 та маслаҳатни ҳавола этади.
Мухлисларни талтайтиринг.
Опра мухлисларини қадрлашини ҳамиша намоён этган. У йилда бир марта «Oprah’s Favorite Things» — махсус кўрсатувини эфирга берарди. Бу орқали Опранинг ўз мухлисларига видокамера, техник жиҳозлар, ҳатто автомобиль топширарди. Ахир мижозлар кутилмаган совғаларни яхши кўришади-да!..
Таваккал қилинг ва эътиборни ўзингизга тортинг.
1988 йили у студияга Калифорниядан неонацистларни таклиф қилди. Кейин эса бу қарори нотўғри бўлганини тан олди. Шундай бўлса-да, ўзининг шоусига қўшимча равишда эътиборни тортди ва томошабинларга таваккал қилишдан қўрқмаслигини кўрсатди.
Янги имкониятлар қидиринг.
Опра иш фаолиятини 1983 йили рейтинги паст бўлган каналдаги тонгги шоудан бошлаган. Орадан уч йил ўтиб, ўзининг шоусини ташкил этди. 2000 йили «О» журналини чиқарди. 2011 йили эса OWN хусусий каналини очди.
Қалбингизни очинг.
Бир куни Опра томошабинларга тўққиз ёшида ўзини таҳқирлаганлари ҳақида гапириб берди. Ён-атрофга шахсий ҳаётингдаги икир-чикирлар ҳақида айтиш яхши эмас, албатта. Ғоя бошқа ёқда: сиз мижозга ишонганингизда бизнесингиз шаффоф бўлади.
Машҳурларни ўзингиз томонга жалб этинг.
Опра шоуларида машҳур инсонлар тизилганининг сабаби, Уинфрининг «қандай бўлса, шундай гапир» услубида интервью олгани ҳисобланади. Хайрлашув шоуси лавҳаларидан бирида Арнольд Шварценеггернинг собиқ рафиқаси Мария Шрайвер Опрага шундай деди: «Сиз менга муҳаббат, далда, ҳикмат ва энг муҳими, ҳақиқатни бердингиз».
Обрўли маслаҳатчи бўлиб қолинг.
Одамлар Опранинг ҳар бир ҳаракатини кузатадилар. Kellogg School of Management профессори «Time» журналига берган интервьюсида қизиқарли фактни келтирди. «Анна Каренина» романи Опранинг китоб клубига тушганига қадар анча суст сотилган: 12 ҳафтада 11,5 мингта. Уинфри клуби орқали эса худди ўша 12 ҳафтада 643 мингта сотиб юборилган. Ўсиш деярли 5000 фоиз!
Ўз вақтида кетинг.
Опранинг шоуси 25 йил эфирга узатилди. Кейин эса муаллиф томонидан тўхтатилиши эълон қилинди. Оддий қоида: чўққида турганда ҳам кетишдан қўрқманг.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter