Мева, сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт нархларини назорат қилиш таклиф этилди
ҚҲТБТ порталида Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинган, деб хабар берди «Норма».
Мониторинг моҳияти экспорт нархлар шакллантирилиши устидан назорат ўрнатишдан иборат. Мева-сабзавотларнинг 38 та позицияси ва тўқимачилик маҳсулотларининг 147 та позицияси бўйича «тавсия этиладиган» экспорт нархларни белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги шуғулланади, ушбу нархлар унинг сайтида: мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича – ҳар ўн кунликда, тўқимачилик маҳсулотлари бўйича – ҳар ойда эълон қилинади. Нархларнинг кучга кириш муддати – эълон қилинган пайтдан бошлаб 2 кун.
Мавзуга оид: Давлат «ҳимояси». Яна эски ҳаммом, эски тос...ми?
Бунда идора қуйидагиларга таяниб иш кўради:
- хориждаги дипломатик ваколатхоналардан олинган ташқи бозорлардаги нархлар;
- ОАВда (шу жумладан Интернетдаги очиқ манбалар) ва ахборот-таҳлилий нашрларда эълон қилинган нархлар;
- ташқи савдо компаниялари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг республика минтақаларидаги ваколатли вакилларидан олинган экспорт нархлар;
- мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари таннархи, ички бозордаги улгуржи ва чакана нархлари.
Экспорт қиймати «тавсия этиладиганидан» 30 фоиздан ортиқ пасайтирилганини аниқлаган ДБҚ бу ҳақда ДСҚ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар беради. Улар, ўз навбатида, аниқланган далиллар юзасидан «қонун ҳужжатларига мувофиқ» чоралар кўради. Лойиҳада аниқ санкциялар (чоралар) ва уларни қўллаш механизми қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, илгари мева-сабзавот маҳсулотларини контракт тузилган ёки БЮД рўйхатдан ўтказилган санада «Ўзагроэкспорт» АЖ расмий сайтида кўрсатилганидан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш талаб этиларди (контракт тузмасдан инвойс асосида экспорт қилганда, таҳр.). Бироқ 2018 йил августда ушбу амалиёт бекор қилинди (батафсил қаранг).
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter