Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш осонлашади
Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.
Қарорга кўра:
- юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга;
- мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилади;
- тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилади;
- экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди;
- тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишлари мумкин.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, «Global GAP», «Halal» ва «Organic» стандартлари талабларига мувофиқликка сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилади.
2019 йил 1 мартга қадар:
- интернет тармоғида «TradeUzbekistan.com» электрон савдо майдончаси ҳамда экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот портали яратилади;
- мамлакатда «Global GAP», «Halal» ва «Organic» стандартлари талабларига мувофиқ мева-сабзавот етиштирувчи маҳаллий корхоналарни сертификатлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ташкил этилади.
Қарор билан ҳудудларда маҳаллий ҳокимият ва давлат органлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига тўсқинлик қилинганлиги учун шахсан масъул этиб белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter