Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мен тугатган китоб: «Балиқчи ва ўғли» ёхуд ҳаёт денгизида дельфин каби бўл...

Мен тугатган китоб: «Балиқчи ва ўғли» ёхуд ҳаёт денгизида дельфин каби бўл...

фото: https://t.me/timur_books

«Балки балиқчи бўлмаслигим керакмиди, деб ўйлади. Бироқ мен дунёга шунинг учун келганман».

Қисса Хемингуэйнинг мана шу иқтибоси билан бошланади ва мазмуни ҳам шу эпиграфга уйғунлашиб кетади.

Бир қарашда асарнинг номи ва Хемингуэйнинг тилга олиниши, «Чол ва денгиз»га тақлиддай кўриниб, ўқувчини чалғитиши мумкин. Бироқ, хулоса чиқаришга шошилмай, қиссани охиригача ўқисангиз, бутунлай бошқа таассуротлар ва фикрлар қуршовида қоласиз.

Маълумки, дунё яратилганидан бери унинг тўртдан уч қисми сувдан иборат бўлган. Ибтидодан бери сув (уммонлар ва ёмғирлар) жами тирик жонннинг ҳаёт манбаидир. Аммо сув инсонга қанчалик дўст бўла олса, шу даражада ҳам душманлик қила олади. Буни антик адабиётдаги Посейдон (денгиз маъбуд)и образи ҳам исботлаб туради.

Денгиз тимсоли – антик юнон-рим мифлари, ўрта асрлардаги саргузашт романлари, ҳатто Жюль Верн, Жек Лондон, Р.Л.Стивенсон каби классиклар ижодида ҳам муҳим ўринда қўлланилган эдики, ХХ асрга келиб ҳам у Хемингуэйлар туфайли ўз аҳамиятини йўқотмади.

Асли туркиялик бўлмиш, Швецияда истиқомат қиладиган ёзувчи Зулфу Ливанели ҳам бизнинг давримизда денгиз образидан усталик билан фойдаланиб, ажойиб асар ярата олди.

Қисса оддий бир турк денгизчиси – Мустафо ва унинг вафодор ҳамда оқила аёли Маъсуда ҳақида бўлиб, мутолаа давомида уларнинг денгиз тўлқинларидек долғали турмуши қаламга олинади.

Туркия азалдан Европа ва Осиё учун кўприк вазифасини бажариб келгани учун ҳам кўпгина сиёсий низолар марказига айланиб улгурган. Бу ҳудудда тинимсиз урушлар ва инқилоблар рўй беради, зилзилалар туфайли ҳаёт бир қалқиб олади, баъзида четдан келаётган қочқинлар оқими қайнаб турган Туркияни баттар олов ичида қолдиради...

Мустафо ва Маъсуданинг ҳаёти ҳам шарқлик қочқинлар туфайли ўзгариб кетади. Денгиздан топилган тирик чақалоқ уларнинг турмушига кучли бўрондай кириб келиб, уларнинг сокин ҳаётига путур етказади...

Денгиз тўлқинларининг овози ва денгизнинг шўр ҳиди келиб турадиган бу қиссада турк қишлоқларида ҳаёт кечирадиган турфа хил кишиларнинг қиёфалари намоён бўлади. Бизнинг синчков ўзбек қишлоқларига ўхшайдиган бу овулларда ҳамма бир-бирини танийди, текширади, кузатади, сирларини билади. Хуллас, ҳеч кимдан сир яширишнинг имкони бўлмайди. Денгиздан чақалоқ топиб олиб, уни ўғил қилиш мақсадида минг бир хийла ўйлаб топишга уринган эр-хотиннинг саргузаштлари асарни янада қизиқарли чиқишига замин яратади...

Аммо айтиш керакки, Ливанели фақатгина маиший ҳаёт тасвиридан қониқмайди, у ихчамгина қиссасида ҳам табиатга зарар етказаётган шафқатсиз бизнесменларнинг қиёфаларини фош қилишга интилади, қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут орқали табиат ва бойлик ўртасидаги глобал конфликтни кўрсатмоқчи бўлади...

Лекин, қиссанинг қаҳрамонлари фақатгина денгиз ва одамлар эмас, асарда делфинлар, захарли шарбалиқлар ҳам қатнашадилар.

«Мен одамлар делфинлар каби яхши бўлишларини хоҳлардим» деган иборанинг ўзиданоқ асарнинг гуманистик ғояси юзага чиқади.

Ҳа, унинг қаҳрамонлари Айтматовнинг яхши-ёмон образларига ўхшаб кетадилар. Уста балиқчи Мустафонинг балиқ тутиб, сўнг уларга раҳм қилиб, денгизга қўйиб юборишларидан одамнинг кўнгли тўлиб кетади.

Мақола бошида айтганимдек, бу қисса Хемингуэйга тақлид ва эргашиш эмас, аксинча, унга раддия бир асардир. Қисса аввалида Мустафога бир сайёҳ «Чол ва денгиз»нинг сюжетини айтиб берганида у Чолнинг шафқатсизлигидан ёзғиради, балиққа раҳми келади, «ўша балиқчи қармоқ ипини кесиб, қани арслоним, яшашга лойиқ ҳаракат қилдинг...» дейиши керак эди, дейди.

Ёзувчининг фикрича, ҳар доим инсон бўлиш керак! Табиатга ва тирик жонзотларга озор бермайдиган яхши инсон... Денгиздаги делфинлар каби...

Темур Тангриберганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг