Мемлар қаҳрамонига айланган «Лавров феномени»

Россия ташқи ишлар вазири фақат расмий баёнотлари билан эмас, тўғридан-тўғри эфирдаги сўкиниши ёки бутун дунё гувоҳи бўлиб турган бир пайтда «Россия ҳеч қачон Украинага бостириб кирмаган», деган гаплари билан ҳам тарихга кириб улгурган.
2015 йили расмий матбуот анжуманида Украина масаласи юзасидан савол берилганда, Лавров жавоб бериб бўлиб, микрофон ўчирилган деб ўйлайди ва «Дебилы, бл*ть» деб юборади. Унинг сўзлари эфирга чиқиб кетади ҳамда Россия ташқи сиёсатининг иккиюзламачилигини танқид қилувчи мемларда кўп бора қўлланилади.
«Russia never invaded Ukraine» (Россия ҳеч қачон Украинага бостириб кирмаган) — Лавров шу сўзларини 2022 йили уруш бошланганига қарамай, халқаро анжуманларда қайта-қайта такрорлаган. Жаҳон ҳамжамияти томонидан бу гаплар «информацион абсурд» сифатида қабул қилинган. Унинг бу сўзлари «реалликни инкор қилувчи давлат» ҳақидаги интернет ҳазилларида тез-тез пайдо бўлади.
«We didn’t attack anyone» (Биз ҳеч кимга ҳужум қилмадик) — BBC мухбирининг тўғридан-тўғри саволларига жавобан, Лавров тинчликпарварлик позициясини сақлаётгандек қилиб кўрсатишга уринган. Бу орқали у «гап билан иш ўртасида фарқ катта» контекстидаги мемларда кўп қўлланилади.
Жаноб Лавров ушбу ҳафтада мамлакатимизга келдию, яна «қовун туширди». Норасмий давраларда айтган гаплари муҳокамалар марказига кўчди.
Бир жиҳатга эътибор қаратиш керак, сиёсатчи бу гапларини расмий учрашув ёки баёнотларда эмас, йўл-йўлакай айтди ва дарҳол рус пропагандаси ишга тушиб, бизга ё босим ўтказишни бошлаб юборди, ёки шунчаки хўрак ташлаб қўйди. Шу орқали улар ўзбекларнинг бироз издан чиқишини, балки жазавага тушишини кутаётгандек.
Лекин биз вазминмиз, вазиятга босиқ, аммо уйғоқ кўз билан қараймиз.
Шунчаки, Лавровнинг сўзларини «сигнал» сифатида қабул қиламиз. Аламзадалик эмас – онг уйғоқлиги бу ерда асосий қуролимиз бўлади.
Россия ташқи ишлар вазирининг бу кинояси ва рус пропагандасининг уринишлари ҳали тескари эффект беради. Ўз тилимизга янада кучлироқ эътибор қаратамиз. Мигрантларимиз «қора ишчи» бўлиб эмас, «касб эгаси» сифатида яхши шароитларда ишлаши учун таълимга эътиборни кучайтирамиз. Бўлар-бўлмас ташқи пропаганда таъсирига тушмаслик учун ўзимизда ишончли контент яратамиз.
Ўзбеклар рус тилига қарши эмас, уни ҳам хорижнинг исталган тили каби ҳурмат қилади. Лекин ўз тилимизни уларнинг ҳаммасидан устун, деб биламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter