Маймун юзли орхидея ҳақида нималарни биласиз?
Сиз ташқи кўриниши ҳайвонни эслатадиган гуллар борлигини биласизми? Dracula Simia – кичик аждаҳо номли орхидея маймуннинг юзини эслатади. Гул деганда гўзаллик кўз олдингизга келиб турган бир пайтда маймун қиёфали гулни тасаввур қилиб кўринг. Тасаввур қилолмаяпсиз-а? Бу орхидеянинг ишқибозлари кўп, лекин инжиқ бўлгани боис ўстириш қийин. Олимлар томонидан тасдиқланган 100 дан ортиқ турлар орасида энг машҳур маймун юзли орхидея одамларни қизиқтиришга муваффақ бўлди, аммо кўпчилик бу гулни инсоннинг маҳорати ва тасаввури билан эмас, балки табиатнинг ўзи яратганига ишонмайди.
Бу орхидея Жанубий ва Марказий Американинг нам, тропик тоғли ўрмонларидан ташқари Эквадорда ҳам кенг тарқалган «орхидея» оиласига мансуб ўсимликлар турига киради. Ушбу эпифитик гуллар 1000 дан 2000 метр баландликда ўсади. Яъни бу ерда улар учун салқин шароит мавжуд. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу «кичик аждаҳо» турига мансуб баъзи турлар йўқолиб кетиш хавфи остида ва бу ҳақида хабарлар мавжуд.
Тахминан 20 дан ошиқ тури «Қизил китоб» рўйхатига киритилган. Ушбу ноёб гул – Dracula Simia ботаник Карлайл Луэр томонидан Эквадорнинг жануби-шарқидаги баланд тоғли зич ўрмонларда 1978 йилда топилган.
Орхидеянинг бу тури гуллар шакли ва ранги жиҳатидан жуда фарқ қилади. Лекин уларнинг умумий томони шундаки, учта гулкоса бир-бирига шундай боғланган – улар бир хил шаклни ҳосил қилади, яъни маймуннинг турли қиёфасини. Қолаверса гулкосалар туклар билан қоплангани ғаройиб. Унинг узун думли, қизил-жигарранг гулларида бир жуфт нуқтали «кўзлар» мавжуд бўлиб, улар капуцин маймунининг юзига жуда ўхшайди.
Бу гул тўғри қуёш нурига ва илдизларнинг сувсизланишига мутлақо дош беролмайди. Шунингдек, унга суғориладиган шўр сув ва ёзнинг юқори ҳарорати салбий таъсир кўрсатади.
Агар орхидея ўсадиган хонада шамол айланмаса ва кундузги ҳарорат узоқ вақт давомида 25 даражадан юқори бўлса, ўсимлик очилмаган куртакларини ташлайди ва гулламайди. Табиатда бу ҳайратланарли орхидея нафақат ҳашаротлар, балки ғайриоддий равишда майда кемирувчилар – сичқонлар томонидан чангланади. Унинг чангланиш жараёни гўёки қиёфасига таъсири бордек...
фото: Ж.Азаров
Яна бир маймунга ўхшаш жиҳати дарахтларга осилиб ўсади ва хушбўйлик нуқтаи назаридан ёқимли апельсин ҳидини чиқаради – бу унинг жозибадорлигини оширади. Битта ўсимлик учун гуллашнинг давомийлиги йил давомида ўзгариши мумкин. Тўғри шароитлар сақланиб қолганда унинг гуллаши 19 йилгача давом этади.
Агар сиз ушбу орхидеяни ўзингиз етиштиришга ҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, интернет орқали уруғларни сотадиган сотувчиларни топишингиз мумкин. Бироқ, шуни ёдда тутингки, бу уруғларни етиштириш анча мураккаб. Маймун юзли орхидея уруғлари деярли чангга ўхшайди ва тўғри ўсиши учун махсус парвариш талаб этилади. Ва ҳатто ҳамма нарса мукаммал бўлса ҳам, ўсимликнинг гуллаши учун уч йилдан саккиз йилгача вақт керак бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter