Марказий сайлов комиссияси Ғаниевнинг гапларига изоҳ берди
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шов-шувли селектори ва унда айтилган фикрлар ортидан юзага келаётган баҳс ва фикрлар тўхтагани йўқ. Жумладан Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази Ғаниевнинг сайловларда ким ютиши ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг «Тўрт кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади» деган мазмундаги нутқи жамоатчилик томонидан муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Марказий сайлов комиссияси шуни маълум қиладики, ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шахсий фикри бўлиб, у юридик асосга эга эмас. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 3-моддасига кўра сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.
Кодекснинг 4-моддасида сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Шундан кўриниб турибдики, 18 ёшга тўлган фуқаролар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган муносиб номзодларни сайлайдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига биноан, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар очиқ ва ошкора, халқаро нормаларга асосланган холда ўтказилади.
Унутмайлик, 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб номзодларни Халқ сайлайди» дейилади матбуот хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter