Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиёнинг сунъий йўлдош интернетидан фойдаланиш имконини кенгайтирмоқчимиз – Жозеп Боррель

Марказий Осиёнинг сунъий йўлдош интернетидан фойдаланиш имконини кенгайтирмоқчимиз – Жозеп Боррель

Фото: Xabar.uz

Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё адолатли, хавфсиз, барқарор ва экологик тоза жамият барпо этиш борасида ҳамкорлик қилиши лозим. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 18 ноябрь куни Самарқандда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Юқори мартабали дипломат «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» анжумани якунига баҳо берар экан, машварат ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга туртки бўлишига ишонч билдирди.

«Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизга хайрихоҳларча қўл чўзиб, ЕИнинг минтақа бўйича янги Стратегиясига таяниш, алоқаларимизни янада чуқурлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор тараққиёт ва иқтисодий фаровонлик йўлида биргаликда фаолият юритишни таклиф этмоқдамиз», ؘ– деди у.

Қайд этилишича, ЕИ минтақанинг энг йирик савдо ва сармоя ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ташқи савдонинг чорак қисми, минтақага киритилган жами сармоянинг 40 фоизи ЕИ ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Биз алоқаларимиз кўламини теран англаймиз. Минтақангиз энергетика импортимизнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Келажакда бу янада ошади. Биз «Global Gateway» ғояси доирасида дунё бўйлаб инфратузилма ва ўзаро боғлиқликка сармояларимизни 2027 йилга қадар – келгуси тўрт йилда – 300 миллиард еврога қадар оширишни режалаштирганмиз. Марказий Осиё ҳам ушбу чора-тадбирлардан четда қолмаслиги керак», – деди вице-президент/олий вакил.

Сиёсатдонга кўра, Марказий Осиё тез ва хавфсиз ривожланиши учун ўз маҳсулотларини ЕИ ва бутун дунёга қисқа муддатда етказиш йўлларини топиши керак. Бунинг учун эса рисоладагидек йўл ва транспорт тизими шаклланмоғи лозим.

«Тасаввур қилинг, сиз тадбиркорсиз. Маҳсулотингиз учун бозор қидирар экансиз, юкларингизни тугмани бир мартагина босиш билан етказиш имконига эга бўлишни истайсиз.  Агар катта вақт ва харажат талаб этадиган мураккаб маъмурий жараёнларга дуч келсангиз, бошқа бозорларни қидиришга тушасиз. Бугун ҳамма ишлар тугмани бир мартагина босиш билан амалга оширилмоқда. Демак, тадбиркорларимиз ҳам шунчаки тугмани босиш орқали юк жўнатиш ёки қабул қилиш имконига эга бўлиши керак», – дея замонавий ишбилармонлик муҳитига чизги берди Ж.Боррель.

Евроиттифоқ бош дипломати Марказий Осиёда сув, энергия ва иқлим ўзгариши ҳамда  рақамли робита каби йўналишларда икки муҳим ташаббус амалга оширила бошлаганини маълум қилди. Хусусан, рақамли робита ташаббуси доирасида минтақанинг сунъий йўлдош интернетидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган.

Сиёсатдон савдо-сармоя кўрсаткичларини ошириш шартига ҳам тўхталди.

«Халқаро ҳуқуқсиз савдо билан шуғулланиш имконсиз. Сармоялар ҳам бўлмайди. Зотан, инвестицияларни ҳимоя қилувчи қонунлар бўлмас экан, ҳеч ким маблағ киритишни истамайди. Сирасини айтганда, иқтисодиёт ва жамиятни тиклаш, пандемия оқибатларини енгиш учун бизга сарҳад билмас ҳуқуқий асос – халқаро ҳуқуқ лозим бўлади», – дея хулоса қилди Ж.Боррель.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Самарқанд анжуманида сўзлаган нутқида дунё давлатлари, жумладан, Марказий Осиё стратегик автономияга эга бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.

17 ноябрь кунги вазирлар учрашувида эса у Россиянинг Украинага босқини таъсирини минтақа ҳам ҳис этаётгани ҳақида гапирган.

Вице-президент/олий вакил Ж.Боррель Самарқандга ташриф арафасида Брюссель Марказий Осиёда қиймати 390 миллион еврога тенг лойиҳаларни амалга оширишини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг