Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Таълим муаммолари дарсликдан бошланмоқда» номли мақола юзасидан мулоҳазалар

«Таълим муаммолари дарсликдан бошланмоқда» номли мақола юзасидан мулоҳазалар

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синф дарсликлари юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Албатта, қувонарли ҳолат. Дарсликларни жамоатчилик фикри асосида яратиш ва нашр этиш кўплаб илмий масалалар юзасидан иккиланиш ва мавҳумликни бартараф этишга хизмат қилади.

Бироқ мулоҳаза билдираётганлар негадир масаланинг иккинчи жиҳатини унутиб қолдираётгандек. Бугун, ўқувчиларнинг билимларини назорат қилишнинг халқаро дастурларига ўтилаётган бир даврда, фақат билим бериш манбаига айланиб қолган, билимларни тайёр, мушоҳада ва тафаккур юритмай ўзлаштириш имконини бераётган дарсликларни яратишни талаб қилиш қанчалик ўринли?!


Мавзуга доир:
Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда (1-мақола)


Ижтимоий тармоқлардаги, газеталардаги дарсликларга оид материалларни мунтазам ўқиб бораман. Бир савол қийнайди: жонкуярлигимизни аввал муаллифларга мурожаат қилиш, мутасадди ташкилотларга таклиф бериш орқали кўрсатсак тўғри бўлмайдими?! Шунда масалага ойдинлик киритиш, мураккаб мавзулар юзасидан қўшимча материалларнинг электрон варианти, мавзу юзасидан методик тавсияларга эга бўлиш имкони пайдо бўлмайдими?!

Мақолада «Ҳозирги 10-синф математика дарслиги, тўғриси, биз институтда ўрганган мавзулар билан бойитилган, унда она тилиям бор, информатикаям бор...» деган фикрни ўқиб, дидактиканинг фанлараро алоқадорлик, интеграция тамойилларини унутиб қўймаяпмизми, деган ҳақли савол туғилади.


Мавзуга доир:
«Нега мантиқ?» ёхуд «Математика-10» дарслигининг 1-қисми ҳақида баъзи мулоҳазалар


Математикани ўрганаётган ўқувчи уни кундалик фаолиятда қўллай олмаса, бундай «билимлар захираси»дан нима наф бор?! Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим модели ўқувчилар томонидан умумтаълим фанларини ўрганиш жараёнида эгалланган билимларни кундалик фаолиятда қўллай олиш лаёқатига эга бўлишни талаб этади. Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим дастурлари ва дарсликлари ҳам мазкур талабларга жавоб бериши шарт.

Ана шу нуқтаи назардан 10-синф «Математика» дарслиги муаллифларининг ёндашувларини дидактик олим сифатида ижобий баҳолаган бўлар эдим. Ҳар қандай янгилик амалиётга жорий этилар экан, турфа фикрлар, эътирозлар бўлиши табиий.

Компетенциявий ёндашувга асосланган ўқув дастурлари ва дарслик материалларини ўқувчилар ўзлаштиришда қийналаётган бўлса, ўқитувчилар тушунтириб беришда ожизлик қилаётган бўлса, бу муаллифнинг айби деб баҳоланмаслиги лозим. Аслида педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларининг биринчи галдаги вазифаси ўқитувчиларни янги ёндашувлар, инновациялар ва янги дарсликлардаги ўқув материалларидан фойдаланишга тайёрлаш бўлмоғи даркор.


Мавзуга доир:
Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда (2-мақола)


Шуни унутмаслигимиз керакки, жаҳон таълим тизими, хориждаги таълим олувчиларга ҳавас қилаётган эканмиз, халқаро баҳолаш дастурлари (PISA ва TIMSS) талабларига жавоб беришга тайёр бўлиш ҳақида ҳам бош қотиришимиз зарур. Ҳатто ўзининг таълим тизими дунёда тенгсизлигига «маҳлиё» бўлган давлатлар ҳам халқаро баҳолаш дастурларида илк бор қатнашганида шокка тушганлиги аниқ факт.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, дарсликни айблаш билан иш битмайди. Дунёда идеал деб қараладиган дарслик бўлмаган, бўлмайди ҳам. Бироқ компетенциявий ёндашувга асосланган дарсликларни амалиётга татбиқ этишга доир видеосеминарлар, вебинар дарсларни ўқитувчилар ҳукмига кўпроқ ва хўброқ ҳавола этиб борсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Бегзод Хўжаев,
педагогика фанлари доктори, профессор.
(Мақола таҳририят электрон почтасига келган).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг