Ўзбекистонда кўпроқ қандай ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида маъмурий судлар томонидан кўрилиб чиқилган ишлар таҳлилини эълон қилди.
Олий маҳкама расмий вакили Азиз Обидовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ўтган даврда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 12 159 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 8 444 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 344 198 нафар шахсга нисбатан 276 461 та иш кўриб чиқилди. Жумладан, 209 453 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Хўш, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини қандай ҳуқуқбузарликлар ташкил этмоқда?
Таҳлилларга кўра, ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, енгил тан жароҳати етказиш, оз миқдорда талон-торож қилиш, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 23 407 нафар шахсга нисбатан 23 032 та иш кўриб тамомланган. Шундан 22 742 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 16 425 нафар шахсга нисбатан 16 056 та иш кўриб тамомланган. Шундан 14 393 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, 691 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Маъмурий судлар томонидан 170 980 та иш, яъни барча ишларнинг 57,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 2 657 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 513 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 275 таси бекор қилинди ва 41 таси ўзгартирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter