Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мамонт суяги, икки бошли қўзичоқ, Марказий Осиёдаги энг катта ҳашаротлар коллекцияси (фото)

Мамонт суяги, икки бошли қўзичоқ, Марказий Осиёдаги энг катта ҳашаротлар коллекцияси (фото)

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳамиз доирасидаги навбатдаги саёҳат Ўзбекистон давлат табиат музейига бўлди.

Неандерталлар.

Ўзбекистон давлат табиат музейи Марказий Осиёдаги илк йирик илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. 147 йиллик тарихи давомида музей йўналиши бир неча марта ўзгарган ва турли номлар билан атаб келинган. Музейга табиатшунослик, антропология ва этнографияга қизиқувчи ташаббускорлар томонидан «Тошкент музейи» номи билан 1876 йилда асос солинган. 1921 йилда музей қадимги ёдгорликларни сақлаш, санъат-табиат ишлари бўйича қўмита тасарруфига ўтказилиб, Ўрта Осиё бош музейи номини олади. 1935 йилга келибгина музей ҳозирги йўналиши – Табиат музейига айлантирилган.

Кроманонлар.

Манзил: Тошкент шаҳри, Зарқайнар кўчаси, 1-уй.

Кириш пулли: 15 минг сўм; болалар, талабалар, нафақа ёшидагилар ва имконияти чекланганлар учун чегирмали нархлар белгиланган.

Экскурсия хизмати 20 минг сўм.

Иш вақти: 09:00 дан 16:00 гача.

Дам олиш куни: душанба.

Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.

Пекин одами (Синантроп)

– Музейимиз тўртта бўлимдан иборат: Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши, тўқайзор ҳайвонлари, энтомология ва умумий биология бўлимларидир, – дейди бизга ҳамроҳлик қилган катта илмий ходим Насиба Абдуллаева. – Музей уч қаватли бинода жойлашган бўлиб, асосий кўргазма ва экспонатлар биринчи қаватда, экспонатлар мавзу йўналишига кўра кичик залларга ажратилган.

Мамонт сон суяги ва териси.

– Музейда қанча экспонат бор?

– Ҳашаротлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 372 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. Лекин ҳаммаси ҳам кўргазмага қўйилмаган. Айримлари жуда қадимий, ҳатто бир асрлик тарихга эга экспонатларимиз бор. Уларни келажак учун ҳам асрашимиз кераклиги боис фақат мавсумий кўргазмаларга қўямиз.

 – Экспонатлар қандай тўпланган? Шахсий коллекциялардан ҳам совғалар борми?

Қирол пингвинлар.

– Музей тарихи соҳага қизиқувчилар ташаббусига бориб тақалади. Мутахассислар ўзларидаги бор экспонатлар билан унга асос солган. Фондимиз йиллар давомида турли мамлакатлардаги музейлардан совға сифатида тақдим қилинган ёки айрбошлаш йўли билан олиб келинган экспонатлар билан бойиб бормоқда. Шахсий коллекциялардан совғалар ҳам каттагина қисмни ташкил қилади. Масалан, 1918 йилда А.Мель томонидан музейга 1290 намунадан иборат тропик капалаклар коллекцияси совға қилинган. «Миллий меросга менинг ҳиссам!» деб номланган акция ўтказиб келамиз. Шу акция доирасида ҳам кўплаб экспонатлар совға сифатида тақдим қилинмоқда. Яқинда Республика овчилар уюшмаси бўри ва тўқайзор мушуги тулумини совға қилди. Янги экспонатлар кўргазма залларида намойиш учун жойлаштирилган.

– Музейдаги энг узоқ йиллик тарихга эга экспонат қайси?

– Агутий қуёни кўргазмага қўйилган энг эски экспонатларимиздан. Энг ёши эса яқинда келтирилган кўк суғур. Бу икки экспонатга яхшилаб қарасангиз, янгиси ва эскиси ўртасидаги фарқ яққол кўринади. Айниқса, юнги ва кўзларидан буни сезиш мумкин.  

Кўк суғур. (Энг янги экспонатлардан бири)

– Ташриф буюрувчиларни кўпроқ қайси экспонатлар қизиқтиради?

– Ҳар хил. Мактаб ўқувчиларини тўқайзор ҳайвонлари, пингвин ва маймун қизиқтиради. Болаларда одамнинг эмбрионал ривожланиш босқичлари, мутант ҳайвонлар – икки бошли қўзичоқ, икки бошли бузоқ айниқса кўп савол туғдиради. Туристлар энтомология (ҳашаротлар) бўлимини узоқ айланади. Чунки энтомология захирамиз музей ташкил топгандан бошлаб тўпланган. Бу 350 мингдан ортиқ ҳашарот намунаси бўлган Марказий Осиёдаги энг катта коллекция ҳисобланади.

Икки бошли қўзичоқ
Қулоқсиз қўзичоқ ва икки бошли бузоқ.

– Меҳмонлар қизиқ саволлар ҳам беришса керак, а?

– Асосий ташриф буюрувчиларимиз мактаб ўқувчилари, боғча болалари. Уларни биринчи навбатда экспонатлар ҳақиқийлиги қизиқтиради. Ҳақиқийлигини билгач, қизиқиши ортади. Айрим болалар «Уйғониб кетмайдими булар?» деб ҳам сўрайди. Музейимизда болалар зерикиб қолмайди, қайта-қайта келадиган меҳмонларимиз ҳам кўп.

* * *

Ҳақиқатдан ҳам музей қизиқарли экспонатларга бой. Вақт қандай ўтганини сезмай қоласиз. Болалар Ерда ҳаёт пайдо бўлиши, қадимги дунёдаги одамларнинг ҳаёт тарзи, Ўзбекистон табиати ҳақида бошланғич тушунчаларни ҳосил қилиб, қизиқиш уйғотиб олиб келинса, музейга саёҳат янада самарали бўлади.

Йўлбарс.

Дам олиш кунлари учун режангиз бўлмаса, мамонтнинг ҳақиқий суяги, тиши ва терисини, мутант ҳайвонларни ҳамда Марказий Осиёдаги энг катта ҳашаротлар коллекциясини кўриш учун Ўзбекистон давлат табиат музейига саёҳат қилинг.

Дилроз Абраева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг