Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мамлакат ростанам бой, лекин ўғрилар кўп» —  блогер Гулнора Каримовадан қайтарилаётган 131 млн доллар ҳақида

«Мамлакат ростанам бой, лекин ўғрилар кўп» —  блогер Гулнора Каримовадан қайтарилаётган 131 млн доллар ҳақида

Гулнора Каримова.

Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамларда «музлатиб қўйилган» маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга маълум бир шартлар эвазига қайтаришга розилик бергани хабар қилинганди.

Бу хабарга блогер Отабек Бакиров қуйидагича муносабат билдирди:

— Швейцария томони аниқ-тиниқ шартлар қўймоқда: Ўзбекистон қайтарилган пулларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Шунингдек, маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

Яъни, эркин дунё бухгалтерлари айтмоқдаки, бу пуллар яна янги ўғрилар орқали Швейцарияга қайтиб келмасин, Ўзбекистон учун ишласин.

Шу ўринда бир мулоҳаза, гар Гулнора Каримова қанақадир йиллар ичида доллардаги миллиардерга айланган экан, гар янги даврда ҳам номлари ҳозирча айтилмайдиган каслар саноқли йиллар ичида доллардаги миллардларни ишлаб топмоқда экан, мамлакат ростанам бой, ростанам салоҳиятли. Лекин ўғрилар кўп. Жуда кўп, — дейди блогер.

У мавзуни давом эттириб, Гулнора Каримова ўғирлаган пулларнинг қайтарилаётган 131 млн долларлик қисмига нима қилиш керак, деган савол ҳали анча вақт кун тартибида бўлишини қайд этади.

«Фикри ожизимча, бу пулларни яна гўёки аҳолига етказамиз, дея Маҳалла вазирлиги орқали тарқатилса ёки бўлмасам қашшоқларни тадбиркор қиламиз, дея оилавий тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ажратишлар бошланса, пуллар манзилга яна етиб бормайди. Ҳузурини ўрта ва майда ўғрилар кўради.

Гулнора Каримова бу пулларни биринчи навбатда мамлакат ёшларидан ўғирлаган, деб ҳисоблайман. Яъни, Гулнора Каримова болаларимизнинг келажагини ўғирлаган, уларни қашшоқликка, умидсизликка, илмсизликка маҳкум этган. Дарвоқе, ҳозирги чириган ўғрилар ҳам том маънода мамлакат ёшларининг келажагини ўғирлашмоқда.

Назаримда, бу пулларни ҳар қишлоқ туманида ҳеч бўлмаса биттадан мактаб қуришга сарфлаш керак.

Бугун фарзандларимиз қишлоқ туманларида ва ҳатто шаҳарларда ҳам ўқиётган мактабларда на нормал туалет, на нормал сув таъминоти ва нормал иситиш мавжуд. Қирқта ўқувчи ўқимайдиган, иккита сменага бўлинмаган мактабнинг ўзи йўқ. Қишда буржуй печкаларда кўмир ёқилади.

Мактабларнинг карантин талаблари доирасида янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича ўрганишлар аҳволимиз қанчалик ачинарли эканини кўрсатиб қўйди. Йилига қарийб юз тонна олтин сотадиган мамлакат учун ўқитувчиларнинг туалет оқлаши ёки пул тўплаб қўл ювишга қўлбола қўлювгич сотиб олаётгани, обдаста ва бочкаларга сув захираланаётгани жуда уятли.

Қурилган ҳар бир мактаб пештоқига «бу мактаб миллат ва келажак ўғриси, 13 йилга қамалган Гулнора Каримовадан қайтарилган пулга қурилган», деб ёзиш керак бўлади. Токи бошқа ўғриларга ҳам сабоқ бўлиши учун», — деб ёзади блогер.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг