Малайзия ўз портларига Исроил кемалари киришини тақиқлади
Исроил байроғи остида ҳаракатланадиган юк кемаларининг Малайзия портларига кириши ман этилди. Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимга кўра, бу тақиқ Исроилнинг халқаро ҳуқуқ ва инсонийлик тамойилларини бузган ҳолда фаластинликлар нисбатан содир этаётган зўравон ҳаракатларига жавобан жорий қилинди.
«Малайзия ҳукумати Исроилда жойлашган «Zim» ширкати кемаларига мамлакатимизнинг барча портларига киришни ман этиш ва чеклаш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, Малайзия Исроилга йўл олган барча кемаларга портларимизда юк туширишни тақиқлайди. Ҳар икки тақиқ зудлик билан кучга киради», – дейди бош вазир Анвар Иброҳим.
«Zim» Исроилнинг юк ташиш билан шуғулланувчи йирик халқаро компанияси бўлиб, Куала-Лумпур маъмурияти аввалроқ мазкур ширкатга ўз портлари киришга рухсат берган эди. Янги маъмурият ушбу рухсатни бекор қилмоқда. Қолаверса, эндиликда Исроил байроғи остида ҳаракатланувчи барча кемалар Жануби-шарқий Осиё мамлакати портларига кира олмайди.
Малайзия коммуникация вазири Фаҳми Фазл таъкидича, Исроил кемаларига нисбатан жорий этилган чеклов мамлакат Ғазо аҳолисига кўмак ва хайрихоҳликда собит эканини яна бир карра тасдиқлайди.
«Бу қадам биз Исроилни тан олмаслигимиз ва у билан ҳеч бир жабҳада, жумладан, иқтисодий кўмак борасида ҳамкорлик қилмаслигимизга аниқ ишора қилади», – дейди вазир.
Исроил билан дипломат алоқаларга эга бўлмаган Малайзия мустақил Фаластин давлати ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлаб келади. Унга кўра, фаластинликлар 1967 йилга қадар бўлган чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган суверен давлатга эга бўлишга ҳақлидир.
Ғазода жорий йил 7 октябрда бошланган ва минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келган уруш борасида ҳам Куала-Лумпур халқаро майдонда Фаластинни манфаатларини ҳимоя қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил апрель ойида Исроил Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига босқин уюштирганда Малайзия бош вазири БМТ Хавфсизлик кенгашини мудҳиш жиноят айбдорларини жавобгарликка тортишга чақирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter