Мактабдаги таъмирлаш ишлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади
Халқ таълими вазирлиги иш фаолиятининг асосий тамойилларидан бири шаффофлик эканини инобатга олиб, мактаблар қурилиши жараёнига шаффофликни татбиқ этиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.
Мактаблар қурилиши жараёни, яъни пудратчини аниқлаш, уни молиялаштириш ҳамда қурилиш ишлари сифатли якунланишини таъминлаш тўлиқ маҳаллий ҳокимиятлар томонидан амалга оширилади. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишидан манфаатдор ва шу сабабли, мазкур йўналишда доимий мониторингни амалга оширади.
Жорий йил Инвестиция дастурига кўра маҳаллий ҳокимликлар томонидан 356 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари улар томонидан “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастури доирасида 371 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан Инвестиция дастури ва “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастури доирасида умумий ўрта таълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини онлайн мониторинг қилиш, жамоатчилик томонидан назоратни ўрнатиш, амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлиги ва сифатини таъминлашга қаратилган ахборот тизими амалиётга жорий этилди.
Ушбу тизимга stat.uzedu.uz сайти орқали кириш мумкин.
Биринчидан, маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига ушбу тизим у ёки бу вилоят ва туманларда амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш имконини бериб, ўзига хос онлайн рейтингни кўрсатиб беради. Шунингдек, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни туманлар ва мактаблар кесимида ўрганиш имконияти юзага келади. Вилоят ва туманлар қурилиш-таъмирлаш ишларининг бажарилиш салмоғи бўйича жойлаштирилган бўлиб, яхшилари энг юқори қатордан ўрин олади.
Иккинчидан, эндиликда ҳар бир инсон амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фикр мулоҳаза ва таклифларини билдириши мумкин. Айниқса, мактаб фойдаланишга топширилиши арафасида, яъни ишлар 100% лик ҳолатга етказилган вақтда, жамоатчилик назорати жуда муҳим. Авваллари, мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ тугалланмаган бўлсада мактаб директорларини қабул қилиш бўйича мажбурлаб имзо қўйдириб олиш ҳолатлари кузатилган.
Мазкур тизим мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини кузатув кенгашлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа фаол жамоатчилик вакиллари томонидан ўрганишда қулай восита бўлиб хизмат қилади. Камчиликлар аниқланган ҳолатларда, тизим орқали суратлар ва изоҳлар қолдириш имконияти яратилди. Натижада маҳаллий ҳокимликларда (буюртмачилар)да пудратчига тақдим этиш учун мавжуд камчиликларнинг ҳаққоний расмлари ва барча камчиликлар бартараф этилмагунга қадар объектларни қабул қилмасликка асос бўлади, пудратчи йўл қўйган хатолари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter