Мактаб ўқувчиси метрода «ҳунар кўрсатди»
Ижтимоий тармоқларда метро вагонининг ушлагичларига оёқлари билан осилиб олиб, бақираётган ўсмирнинг видеоси тарқалди.
«Тошкент метрополитен» УК ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд қилинишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 105-мактабнинг ўқувчилари 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. ушбу ҳаракатни Instagramдаги шахсий саҳифасини ривожлантириш ва обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида бу ишни амалга оширгани аниқланган.
Ўсмирлар билан Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармаси Метрополитендаги хавфсизлик бошқармаси вакиллари, пойтахт метрополитени маъмурияти, шунингдек, 105-мактаб маъмурияти ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида тушунтириш ўтказилган.
Мазкур ҳолат бўйича иш қўшимча кўриб чиқиш мақсадида ҳудудий (яшаш жойидаги) вояга етмаганлар билан ишлайдиган бўлимга ўтказилган.
Ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 115-моддасига биноан чора кўрилади. Бундан ташқари, ўсмирлар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида белгиланган маска режимига риоя қилмай белгиланган қоидаларни бузганлиги учун ҳам жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги TikTok платформаси фойдаланувчиларини жиддий огоҳлантирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter