«Маҳмуд Жо Байден жамоасида, Муҳаммад денгиз пиёдалар корпусида лейтенант»: АҚШдаги ўзбекистонлик оила ҳикояси
Хабарингиз бор, бир неча йилдан буён «Xориждаги ватандошлар» рукни доирасида туркум интервюлар бериб боряпмиз.
Интервюларимиз форматига бу сафар бироз ўзгатириш киритилди, хусусан қуйидаги мақоламизда Қўшма Штатларда 28 йилдан буён истиқомат қилаётган ватандошларимиз Маҳмудовлар оиласи ҳақида ҳикоя қилинади.
Оила боши Амир ака Маҳмудов турмуш ўртоғи Гулчеҳра Шокирова билан бирга 23 йилдан буён мамлакатдаги энг йирик федерал ташкилотлардан бири – Соғлиқни сақлаш марказида илмий тадқиқот олиб боради. Уларнинг Маҳмуд ва Муҳаммад исмли ўғиллари бор. Маҳмуд президент Жо Байденнинг жамоасида, Муҳаммад эса, АҚШ денгиз пиёдалар корпусида хизмат қилмоқда.
Фан номзоди илмий даражасини олган
Оила боши Амир ака Маҳмудов Самарқанд шаҳрида туғилган, ўрта мактабни ўша ерда тугатган. Ўзининг эслашича, амакиси Тошкент тиббиёт академияси профессори Раҳим Каримович Каримов маслаҳатига кўра, армияга кетган ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Одам ва ҳайвонлар физиологияси йўналишига ўқишга кирган. Олийгоҳни тугатганидан сўнг, бир муддат таълим соҳасида фаолият юритиб фан номзоди илмий даражасини ҳам олган.
Топган пулларимиз ўқиш ва китобга сарфланган
Гулчеҳра Шокирова: Мен ҳам Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Биология факултетида ўқиганман. Турмуш ўртоғим билан талабалик йиллари танишиб қолганмиз ва ўқишни тамомлагач, оила қуришга қарор қилдик.
Болаликдан дунё кезиш ва ўзга маданият вакиллари билан мулоқот қилишни хоҳлардим. Шу туфайли ҳам AҚШга бориш фикри мендан чиққанди. 90 йиллар ўрталарида Ўзбекистон Green Card лотереяси дастурига илк марта киритилди ва иштиёқим сабаб лотерея анкетасини тўлдирдим. Бизга омад кулиб боқди ва фикримча Қўшма Штатларга яшил карта қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик оилалардан бирига айландик. Шундай қилиб, 1995 йил Океанортига йўл олдик. Яширмайман, тилни билмайдиган, тафаккури, урф-одатлари бутунлай бошқача бўлган мамлакатда келиб яшаш дастлабки йиллари жуда қийин эди.
Лекин турмуш ўртоғим билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаганимиз туфайли оёққа турдик, болаларимизга таълим-тарбия беришга муваффақ бўлдик. Бизда кучли оилавий бирдамлик бор эди. Мен болалар таълими билан машғул бўлдим, турмуш ўртоғим эса болаларни спорт билан шуғуллантирарди. Болаларнинг вақтини фойдали машғулотларга сарфлашга астойдил ҳаракат қилганмиз. Дарсдан кейин уларни спорт, мусиқа, математика, адабиётга олиб борардик. Топган пулларимиз ўқиш ва китобга сарфланган. Натижа узоқ куттирмаган болаларимиз 2-3 синф пайтиданоқ синфдош дўстларидан олдинда эди. Шундай қилиб, иккаласи ҳам ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатишди.
Барак Обама даврида Оқ уйда амалиёт ўтаганман
Маҳмуд Маҳмудов (тўнғич фарзанд): Мактабни тугатгач, 2012 йил Oberlin коллежининг Сиёсатшунослик факултетига ўқишга кирдим ва 2016 йил имтиёзли диплом билан тамомладим.
Талабалик даврида яхши ўқиш ва фаол бўлишга интилганман. Шу боисдан бўлса керак, коллежнинг Талабалар ҳаракати президенти сифатида ҳам фаолият олиб бордим. Ўша йиллари коллеж ҳудудида чекишни тақиқловчи қонун лойиҳасини имзолашга муваффақ бўлганмиз.
Шунингдек, 2015 йил кўплаб талаба дастурларида муваффақиятли иштирок этдим. Улардан бири The Harry S. Truman Scholarship Foundation орқали, собиқ президент Барак Обама даврида Оқ уйда амалиёт ўтаганман. 2016 йил халқаро Rhodes Scholarship дастурида ғолиб бўлдим ва у орқали Буюк Британиядаги Оксфорд университети магистратура босқичида таҳсил олдим. Шундай қилиб, 2018 йил халқаро сиёсат ва фалсафа бўйича магистр даражасига эга бўлдим.
Aнглияда ўқишни тугатганимдан сўнг, Жо Байденнинг сайловолди кампаниясига ишга кирдим. Демократлар партияси ғалаба қозониб, Жо Байден президент бўлганидан сўнг, Covid-19 бўйича сиёсий маслаҳатчи сифатида Оқ уйда фаолият олиб бордим. Ўтган йилнинг кузидан буён Стенфорд университетининг ҳуқуқ факултетида таълим оляпман. Қолаверса, президент Байденнинг жамоасида ҳам фаолиятимни давом эттиряпман.
АҚШ денгиз пиёдалар корпусида лейтенант
Муҳаммад Маҳмудов (кенжа ўғил): Ёшим 24 да. 2017 йил Йел университетига ўқишга кирдим. 2021 йил университетни иккита диплом билан, аниқроғи халқаро муносабатлар ва денгиз флотида ҳарбий офицер мутахассисликлари бўйича имтиёзли диплом билан тамомладим.
Ҳозир АҚШ денгиз пиёдалар корпусида лейтенант сифатида хизмат қилмоқдаман. Бир йилдан кейин ҳарбий хизматни тугатиб, ҳуқуқ факултетида ўқишни давом эттиришни режалаштиряпман.
Гулчеҳра Шокирова: Турмуш ўртоғим ва мен 23 йилдан бери энг йирик федерал ташкилотлардан бири – Соғлиқни сақлаш марказида илм-фан билан шуғулланиб келяпмиз. Биз фарзандларимиз билан жуда фахрланамиз ва улар ўзларининг барча режа ва мақсадларига эришишларига ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги дўстларимиз ва ватандошларимизга соғлик ва эзгу ишлар рўёбини тилаб қоламиз.
Нурилло Тўхтасинов тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter