Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлиги 15,5 млрд сўмлик машиналар бўйича изоҳ берди

Маданият вазирлиги 15,5 млрд сўмлик машиналар бўйича изоҳ берди

Ўзбекистон Маданият вазирлиги «Ўзавтосаноат» тузилмасига кирувчи корхонадан 15,5 млрд сўмга иккита машина сотиб олгани юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Қайд этилишича, президентнинг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига кўра, 2022 йил 1 июнгача «Маданият карвони» учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситасини харид қилиш вазифаси белгиланган (қарорда бунинг учун 20 млрд сўм ажратилиши кўрсатиб ўтилган).

«Маданият карвони» учун мўлжалланган махсус автотранспорт (трансформер) воситасининг техник параметрлари мутахассислар томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилган. Бундай транспортни тайёрлаш имконияти бўйича хорижий давлатлар ўрганилган ва энг маъқули сифатида Хитой давлати танланиб, вазирлик томонидан OMDM ва «Huayuan» компанияси билан музокара олиб борилган.

Музокара хулосасига кўра, OMDM компанияси томонидан 873 минг АҚШ доллари, Олмаота шаҳридаги «Kazakhstan musical technologies» филиали томонидан 900 минг АҚШ доллари таклифи (битта махсус автотранспорт воситаси хариди учун) билдирилган. Бироқ хорижий компаниялар пандемия сабабли махсус автотранспорт воситаси йил якунига қадар етказиб берилишини маълум қилган.

Шундан сўнг Маданият вазирлиги ишлаб чиқилган техник параметрлар асосида махсус автотранспортни тайёрлаш имконияти мавжуд бўлган маҳаллий корхоналар билан мулоқот олиб бориш ва тегишли хулоса олиш мақсадида «Ўзавтосаноат», UzAvto Trailer va JV MAN Auto-Uzbekistan компанияларига мурожаат қилган.

JV MAN Auto-Uzbekistan тавсияси асосида STEYA overseas projects томонидан 1 млн 390 минг евро, Турин политехника университети томонидан 9 млрд 580 миллион сўм ҳисобига махсус автотранспорт воситасини тайёрлаш, қолган корхоналар ва Uz Truck and Bus Motors компанияси томонидан эса 1 млрд 395 млн сўмга транспортнинг фақат тягач қисми (бош қисми) билан таъминлаш имконияти маълум қилинган.

«Маданият карвони» учун мўлжалланган автотранспортни Турин политехника университети билан биргаликда мукаммал ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва зарур ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Таъкидланишича, университет бунгача Сурхондарё вилояти учун тажриба сифатида кичик ҳажмдаги, мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус транспортни ишлаб чиқарган эди.

«Аслида бу кўпчилик ўз тасаввурига кўра тахмин қилиб, турлича талқин этаётган енгил автомобил эмас. Номидан ҳам англаш мумкинки, бу тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус автотранспорт воситасидир. Бошқачароқ қилиб уни замонавий, улкан «мобил саҳна» дейиш ҳам мумкин. Бундай транспорт воситалари буюртма асосида махсус ишлаб чиқарилади», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилинишича, сотиб олинган транспорт воситалари «Маданият карвони» тадбирларини энг чекка манзилларда ҳам юқори савияда, сифатли техник имкониятлар асосида ўтказишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг