«Ливияни қайта тиклаш учун 500 миллиард доллардан кўпроқ пул керак» — мутахассис
Ўн йиллик беқарорликдан сўнг Ливияда кенг кўламли реконструкция лойиҳаларини амалга ошириш учун 500 миллиард доллардан кўпроқ маблағ керак бўлади, дейди Ливия қурувчилар касаба уюшмаси раҳбари Абделмажид Муҳаммад Кашир РИА Новости билан суҳбатда.
«Ливияда 2011 йилда НАТО томонидан коммунал хизматлар, қуролли кучларнинг барча базалари ва лагерлари бутунлай вайрон қилинди. Мамлакат қайта қуриш ва реконструксия қилиш учун улкан молиявий сармояларга муҳтож. Бу бир неча йилларни талаб қилади, эҳтимол 10 йилга мўлжалланган режалар ёки ундан ҳам кўпроқ муддатли режалар керак бўлар», -дея Кашир мавжуд вазиятга изоҳ берган.
«Биз ушбу кенг кўламли дастурни амалга оширишда халқаро ҳамжамиятнинг самарали ёрдамига ишонамиз, бу инфратузилмани яратиш учун 500 миллиард доллардан кўпроқ маблағ талаб қилади», - дейди у.
Гап йўллар, кўприклар ҳамда туннеллар қуриш, темир йўл тармоғини яратиш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва уй-жой қурилишини ривожлантириш, электр таъминотини тиклаш, уяли алоқа миноралари қуриш ҳақида кетмоқда. Шунингдек, вазифа мамлакатнинг турли минтақалари ўртасида транспорт алоқаларини ўрнатиш, портлар ва аэропортларга хизмат кўрсатувчи ривожланган транспорт тармоғини таъминлаш, шунингдек йирик шаҳарларда метро қуришдир.
Каширнинг таъкидлашича, можаро йилларида Ливиянинг барча шаҳарларига катта зарар етказилган, айниқса Триполи, Бингази, Сабрата, Тархуна ва бошқа йирик шаҳарларига.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигидаги Женевада бўлиб ўтган Ливия сиёсий мулоқот форуми феврал ойининг бошида мамлакатнинг ўтиш даври ижроия ҳокимиятини сайлаганди. Ўтиш даври ҳукумати 24 декабрга белгиланган умумий сайловларга қадар мамлакатни бошқаради. Янги раҳбарият Ливиядаги икки томонлама ҳокимиятни тугатиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter