Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Латвия ва Эстонияда 22%, Швецияда эса 33%» – Швециянинг Ericsson компанияси ходими билан суҳбат

«Латвия ва Эстонияда 22%, Швецияда эса 33%» – Швециянинг Ericsson компанияси ходими билан суҳбат

Чет элдаги ватандошларимиз билан интервьюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Акмалиддин Алимов Фарғона шаҳрида туғилган. Бакалаврни Латвияда, магистратурани Латвия ва Эстонияда таҳсил олган. Айни вақтда Швециянинг Ericsson компаниясида 5G янги авлод технологияларини ривожлантириш муҳандиси сифатида ишлайди.

Йиллар ўтгани сайин тўғри қарор қилганимни англаб етяпман

Фарғона шаҳрида туғилганман ва ўша ерда ўрта таълим мактаби ва академик лицейида таҳсил олганман. Болалигимдан физика ва чет тилларига қизиқишим бўлгани туфайли, мактаб ва лицейда шу йўналишларда кўпроқ билим олишга ҳаракат қилганман.

Мактабни битиришга яқин чет элда ўқишга иштиёқим уйғонди ва ота-онам бу йўлда қўллаб-қуватлашди, лекин молиявий шароитимиз бунга етмас эди, шу боисдан улар бир неча йил чет давлатга чиқиб ишлаб келишларига тўғри келган.

Асосий қизиқишим Робототехника бўлган ва бу соҳа жуда ривожланган давлатлардан бири Японияда бакалавр босқичида ўқишни ният қилгандим. Лекин кўпчилигимизга маълум, Японияда табиий офатлар кўп бўлади. Шу сабабли ота-онам Японияга боришимга қаршилик қилишган.

Отамнинг ҳам техника йўналишига қизиқишлари туфайли, Латвия давлатида Телекоммуникация йўналишида ўқишни тавсия қилганлар. Бошида бу йўналишга қизиқишим бўлмади. Аммо отам бу йўналиш билан қаерларда ишласа бўлишини ва нима ишлар қилиш мумкинлигини айтиб берганларида, айниқса, Спутниклар билан алоқаларни ҳам шу йўналишда ўқитилишини билганимда, бу йўналишга меҳрим уйғонди. Йиллар ўтгани сайин жуда тўғри қарор қилганимни англаб етяпман.

Ҳозир Швециядаги Ericsson компаниясида 5G янги авлод технологияларини ривожлантириш муҳандиси сифатида ишлаяпман.

Бир вақтда тўртта грант олиши мумкин

2013 йил Латвияга ўқишга юборувчи агентликка мурожаат қилдим ва Riga Technical University (Рига Техника университети)га шу агентлик орқали имтиҳон топшириб ўқишга кирдим. Латвия давлатини танлаганимнинг асосий сабаби, ўша йиллари Европага чиқиш ва виза олиш учун нисбатан осон давлат эканлиги бўлган. Кейинги омиллардан, Латвия кичик давлат бўлишига қарамасдан IT, Телекоммуникация ва муҳандислик бўйича етакчи ўринларда эди. Буни ўқиш жараёнида ҳам ўз исботини топган.

Бакалавр вақтида талабалар университет томонидан ташкил қилинган, муҳандислик, IT ва шунга ўхшаш турли йўналишлардаги клубларга аъзо бўлса бўлади. Мен ҳам Ригада ўқиш вақти бир нечта клубларга аъзо бўлганман ва кўплаб амалий ишларни олиб боришни ўрганганман. Чунки ҳар бир клубни ўз лабораторияси, жиҳозлар ва барча керакли анжомлари бор ва талабалар ўзлари қизиққан лойиҳаларини амалга ошириш учун фойдаланса бўлади.

Яна бир ҳаётимда ўз йўналишимни ривожлантиришимга катта туртки бўлган инсон – австриялик профессорим Лесли Роберт Адриан. Танишишдан олдин уларнинг кўплаб қизиқарли лойиҳалар олиб боришини эшитгандим ва шу лойиҳаларга қўшилиш мақсадида унга мурожаат қилиб, керак бўлса бепулга ишлашга тайёр эканлигимни айтганман. Шунда у янги лойиҳа – ҳаводан симсиз электр энергиясини узатиш тизимларини ишлаб чиқмоқчилигини ва мен ҳам қўшилишим мумкинлигини айтди. Профессорим айтган лойиҳа ҳақида ҳеч нарса билмасам-да, менга жуда қизиқ туюлди ва қўшилишга қарор қилдим. Бу лойиҳада 1 йил бепул ишладим ва катта ютуқларга эришдик. Шунда лойиҳамиз яна грант олганидан кейин оз бўлса-да профессорим менга ойлик тўлашни бошлади.

Шундай қилиб бакалаврнинг учинчи курсини ҳам бошладим ва ўша йили Латвия таълим грантига эга бўлдим. Кўп Европа давлатларида бўлгани каби, Латвияда ҳам бакалавр босқичида ўқиш пуллик, аммо учинчи курсда давлат грантини олиш имконияти бор.

Бакалаврни битиргач, шу университетда магистратурада ўқиш учун грантга ҳужжатлар топширдим ва фақат магистратурани биринчи босқичи учун грант ютиб олдим. Чунки Латвияда фақат 2 йил кетма-кет грант ютиб олса бўлади холос, мен эса биринчи марта бакалаврнинг учинчи курсида ва иккинчи грантни магистратуранинг биринчи курсида ютиб олдим.

Шунинг учун магистратуранинг биринчи курсини тамомлагач, Латвиядан Эстонияга боришга қарор қилдим. Чунки Эстониянинг пойтахти Таллин шаҳридаги TalTech университетига ҳужжатларимни топширганимда улар менга магистратурани бепул ўқиш ва яшаш харажатларим учун стипендия олишим мумкинлигини айтишди. Бу мен учун ҳар томонлама яхши таклиф эди. Эстония ҳам IT, муҳандислик бўйича катта ютуқларга эришган. Масалан, ҳаммамиз билган «Skype» компанияси Эстон ва Шведлар томонидан ташкил қилинган.

Эстониядаги ўқиш жараёни ҳақида гапирадиган бўлсам, катта тажрибага эга ўқитувчи ва профессорлар билан таълим олиш даври жуда яхши ўтган. Шунингдек, магистратурада ўқийдиган талабалар бир вақтда тўртга яқин грант олиши мумкин. Булар бепул ўқиш, бакалаврда яхши баҳоларга қараб бериладиган стипендия, магистратурадаги ҳар бир семестердаги баҳоларига қараб бериладиган стипендия ва факультетда TOP 3 талабалар қаторига кирганда бериладиган стипендия. Қолаверса, Эстония магистрлар учун IT ва муҳандислик соҳасида жуда катта имкониятлар яратган.

Магистратурани ўқиш жараёнида Ericsson компаниясининг Таллиндаги офисига ўз ҳужжатларимни топшириб, телекоммуникацияда ўз тажрибаларимни улар билан бўлишиш ва шу йўналишда ўсмоқчи эканлигимни айтдим. Бир нечта суҳбатлардан сўнг мени компанияга Injener Developer сифатида ишга олишди.

У ерда 2 йилга яқин ишладим. Кейин Швециядаги Ericsson компаниясига кўчиб ўтишга қарор қилдим. Чунки ўша пайтлари оила қуриш арафасида эдим ва Швеция оилавий яшаш учун қулай мамлакат. 2019 йили турмуш ўртоғим билан Швецияга келдик ва ҳозир Малмо шаҳрида истиқомат қиламиз.

«Ўртача» шиори билан яшашади

Латвия ва Эстониядаги аксарият одамларда русча менталитетни кўриш мумкин. Биринчи марта 2013 йил Латвияга борганимда бир кун кўчада адашиб қолдим ва бир кекса аёлдан йўл сўрадим. Шунда у аёл менга қайрилиб ҳам қарамади, худди ҳеч ким унга гапирмаётгандек тутган эди. Бу менга жуда таъсир қилди ва Латвияда яшаш жараёнида латишларнинг озроқ миллатчи эканлигини сездим. Эстонияда ҳам шу нарса бор. Лекин Латвиядаги каби юқори эмас.

Швеция эса ўз қаторида бошқа дунё. Шведлар ташқаридан совуқ одамлардек кўринса-да, танишиб олганингиздан сўнг жуда қизиқарли халқ эканини билиб оласиз. Шведлар самимий ва ҳаётда «логом» таржимаси «ўртача» шиори билан яшашади. Шведлар жуда бой бўлиб кетишни, жуда бачкана бўлишни, жуда чиройли безаниш ва шунга ўхшаган нарсаларни маъқул кўришмайди. Яна бир муҳим характерларидан, уларнинг қўли очиқлигини айтишим мумкин.

Латвия ва Эстонияда 22%, Швецияда эса 33%

Ўзбекистонда ҳозир кўп соҳаларда ривожланиш бўляпти. Лекин ҳали ривожланган давлатлардан ўрганадиган нарсаларимиз кўп деб ўйлайман. Европада 3 та давлатда яшаган бўлсам, айниқса, бу давлатлардаги тиббиёт, таълим даргоҳлари, солиқлар ва ишчилар учун яратиб берилган шароитларни кўриб ҳавас қилганман.

Хусусан, ушбу мамлакатларда деярли ҳамма нарса рақамлаштирилган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ҳам барча соҳа рақамлаштириб борилса, ривожланиш ва аҳоли учун қулай бўлади. Мен яшаган давлатларда агар шифокорга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, онлайн тарзда кун ва вақт белгилайсиз ва ўша вақтда борасиз. Буларнинг барчаси кўп ҳолларда бепул.

Солиқларга келадиган бўлсак, ҳамма фуқаро солиқ тўлайди ва бу нарсани давлат ҳар бир одамнинг ўз рақами орқали кўриб кузатиб туради. Шунинг учун рақамлаштириш жуда муҳим деб ўйлайман. Латвия ва Эстонияда даромад солиғи 22%, Швецияда эса 33%. Кўпчилик бунга чин кўнгилдан рози эканликларини айтишади. Чунки бу солиқ орқали таълим, тиббиёт ва бошқа инсон учун керакли соҳаларда бепул хизмат кўрсатилади.

Докторонтурада ўқиш ниятим бор

Швецияда турли миллатлар кўп ва ҳамма ҳар хил соҳада ишлайди. Шунинг учун асосан қайси соҳада иш топиш мумкин эканлигини аниқ айтолмайман, чунки ҳамма соҳада иш топиш мумкин. Лекин кўплаб ватандошларимиз Швецияда ресторанлар, қурилиш ва автобус бошқарувчиси бўлиб ишлашади. Ойлик маошга келадиган бўлсак, ҳамма соҳада ҳар хил, лекин асосан энг ками $1500 дан ўртача $2000 ойлик олишади. Яхши мутахассислар эса бу суммадан кўпроқ олишади.

Ойлик харажатларга келадиган бўлсак, озиқ-овқатга ўртача $500 ва 2 хонали хонадон ижараси учун ўртача $700 кетади.

Келажакдаги режаларим ҳақида айтадиган бўлсам, ҳозирча соҳам бўйича докторонтурада ўқишни ният қилганман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг