Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кредитларга талаб ошмоқда. Бунда «Агробанк»нинг ҳиссаси қандай?

Кредитларга талаб ошмоқда. Бунда «Агробанк»нинг ҳиссаси қандай?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Агробанк» АТБ томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда хорижий кредит линияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйичаа оммавий ахборот воситалари вакиллари ва банкнинг раҳбар, ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб амалга ошираётган ташрифлари давомида ҳам ҳар бир ҳудудга  инвестициялар киритиш ҳамда халқаро кредит линияларни жалб этиш, энг муҳими, фаол инвестицион сиёсат юритишнинг ўрни жуда муҳим эканлигини кўп бора таъкидлаб келмоқда.

Республикамизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига қулай инвестицион муҳит яратиш ва истиқболли бизнес лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашда тижорат банклари томонидан ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз молия-банк тизимида ўз ўрнига эга бўлган «Агробанк» акциядорлик тижорат банки ҳам банк мижозларини, шунингдек, кичик бизнес субъектлари ҳамда фермер хўжаликларининг самарадорлиги юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, хорижий молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратиляпти.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида банк томонидан республикамиз ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектларининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 5,5 триллион сўм миқдорида инвестиция кредитлари ажратилди.

Ушбу кредит маблағларнинг 25 фоизи саноатга, 22,1 фоизи қишлоқ хўжалигига, 24,8 фоизи ижтимоий таъминот ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа соҳаларга ҳамда 28,1 фоизи қурилиш, транспорт-коммуникация ва бошқа тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Бугунги кунда инвестиция мақсадлари учун йўнатирилган кредит қўйилмасининг қолдиғи 11,6 триллион сўмни ташкил қилмоқда.

Матбуот анжуманида жорий йил давомида банк томонидан амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳаларининг мисол тариқасида баъзилар тўғрисида маълумот берилди.

Жумладан, фармацевтика  йўналишида:

Андижон вилоятидаги «EMERY PHARMA» МЧЖнинг қиймати 8,5 миллион АҚШ долларлик, йилига 3,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 180,0 миллион дона шприц ва 57 миллион дона инфузион фармацевтик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 5,7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.

Лойиҳа 2021 йилда ишга тушгандан сўнг 65 та янги иш ўрни яратилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи ёки 1 миллион АҚШ доллари МДҲ давлатларига экспорт қилинади;

Полиз экинлари ва сабзавотлар етиштириш йўналишида:

Хоразм вилоятидаги «GURLAN EXPORT» МЧЖнинг қиймати 142,8 миллиард сўмлик, йилига 14,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 3200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 10,2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.

Лойиҳа 2021 йилда тўлиқ ишга тушгандан сўнг 100 та янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 70 фоизи ёки 10,2 миллион АҚШ доллари экспорт қилинади;

Калава-ип ва тўқимачилик, тикув-трикотаж саноати йўналишида:

Сирдарё вилоятидаги «GULISTAN GOLD YARN» МЧЖнинг қиймати 41,1 миллион АҚШ долларлик,  йилига 26,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 11,7 минг тонна калава ип маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 32,7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Лойиҳа 2021 йилда тўлиқ ишга тушгандан сўнг 400 та янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 80 фоизи ёки 20,9 миллион АҚШ доллари экспорт қилинади;

Шунингдек, Андижон вилоятидаги «SAYYORA FAVVORASI» XKнинг қиймати 12,6 миллион АҚШ долларлик, йилига 7200 тонна ёки 14,4 миллион АҚШ доллари миқдорида калава ип ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳасига 8,7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.

Лойиҳа 2021 йилда ишга тушгандан сўнг 400 та янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 90 фоизи ёки 13,0 миллион АҚШ доллари экспорт қилинади.

Сурхондарё вилоятидаги «Термез Нейшонал Карпетс» МЧЖнинг қиймати 19,0 миллион АҚШ долларлик, йилига 34,1 миллион АҚШ долларлик 4,5 миллион метр квадрат гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 15,5 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади.

Лойиҳа ишга тушгандан сўнг 250 та янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 45 фоизи ёки 15,3 миллион АҚШ доллари қўшни давлатларига экспорт қилинади.

Президентимиз томонидан олиб борилаётган фаол инвестицион сиёсат ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг ташаббускорлиги ортиб, янги таклиф қилинаётган лойиҳаларни амалга оширилишида тижорат банкларининг кредитларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Бу эса тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳамда доимий равишда халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг кредит линия маблағларини жалб этиш заруриятини юзага келтирмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда Агробанк томонидан халқаро молия иститутлари ва хорижий банклар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва кредит линия маблағларини жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Агробанк 26 тадан ортиқ халқаро молия институтлари ва хорижий банклар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган.

Хусусан, Германиянинг «Коммерцбанк»и (Commerz Bank AG)  «Юникредит банки» (UniCredit Bank AG), «ДЗ банки» (DZ Bank AG) ва «Ландесбанк»лари (LandesBank Berlin AG), Австриянинг «Райфайзен банк»и (Raiffeisen Bank International),  Жанубий Кореянинг «КЭБ  Хана банк»и (KEB Hana Bank) ҳамда Россиянинг 5 та (Сбербанк, Азия-инвест банк, ВТБ банк, Промсвязбанк ва Транскапитал банк) йирик банклари билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.

Хорижий кредит линияларни жалб қилиш бўйича Агробанкнинг кўрсаткичлари ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Агрбанк томонидан 2018 йилда жами 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линия маблағлари жалб қилинган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 100 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида 212,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб қилинди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 160 тадан ортиқ инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.

Жумладан, Швейцариянинг Кредит Сиус банкидан 59,2 миллион АҚШ доллари, Хитой давлат тараққиёт банкидан 40 миллион АҚШ доллари, Россиянинг Промсвязьбанк ва Совкомбанкларидан 36,1 миллион АҚШ доллар, Туркиянинг Зираат банкидан 20 миллион АҚШ доллари, Германиянинг Ландесбанк Баден-Вутембергдан 19,9 миллион АҚШ доллари, Ландесбанк Берлинер Шпаркасседан 10,1 миллион АҚШ доллари, Коммерцбанкдан 2,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб қилинди.

Шунингдек, банк томонидан Савдони молиялаштириш ҳалқаро Ислом корпорациясидан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида савдони молиялаштириш кредит линиялари жалб қилиш бўйича шартнома имзоланди.

«Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда халқаро инвестицияларни кенг жалб этишга қаратилаётган эътибор, аввало, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан бир қаторда халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашдан иборатдир.

Ана шу олиб борилаётган ислоҳотлар ва жараёнларда Агробанк жамоаси ҳам юртимиз иқтисодиётини янада тараққий эттириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳоли ва мижозлар учун қулай бўлган инновацион, интерфаол ва электрон банк хизматларини янада ривожлантириш йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаверади», — дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг