Кўзи ожизлар кўчага ҳайдалмоқда ёки қарор қатъий эмас, шикоятга ўрин бор!
Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судида навбатдаги суд иши кўрилди. Ҳал қилув қарорига кўра, Республика кўзи ожизлар жамияти туман бўлими биносининг бузиб ташланиши қонуний деб топилди, энди шу ҳудудда яшовчи бир нечта оила ўзлари яшаб турган уйдан кўчириб чиқарилиши керак. Чунки, оилаларнинг уйларга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳокимият қарори ва кадастр ҳужжатлари, туман бўлимининг бузилган бинога эгалик қилишини тасдиқловчи барча юридик ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб топилгани кўрсатилган. Натижада Бекободдаги кўзи ожизларни бирлаштириб, уларга кўмак бериб турган ташкилот биносиз, жамият аъзолари эса чирқиллаб қолаверди.
Жамиятнинг вилоят бўлими масъуллари ва ушбу ҳудудда яшовчилар билан суҳбат асносида аслида нима бўлганини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Ўзбекистон Республикасида имконияти чекланган фуқароларни ҳимоя қилиш ва уларнинг констуциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида турли жамиятлар ташкил этилган. Республика кўзи ожизлар жамияти шулардан биридир. Жамиятнинг ҳар бир вилоят ва туманларда бўлимлари ташкил этила бошлангач, масъуллар Бекобод тумани ҳокимлигига ҳам шу масалада мурожаат қилишади. Фаолияти тўхтатилган боғча биноси ўша пайтда туман маданият бўлимига берилган эди. Маданият бўлимининг ўз биноси бўлгани боис бу иншоотга эҳтиёжи йўқлиги ўрганилади. Натижада бино жамиятнинг туман бўлимига бириктирилиб, барча ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Масъуллар ва кўнгиллилар ташландиқ бўлиб қолган жойда тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришди. Юк машинаси 7-8 марта қатнаб, бу ердаги ахлатларни ташиб тугатади. Мевали дарахтлар, гуллар экилади. Мўъжазгина томорқада деҳқончилик қилинади. Шундан сўнг жамиятга аъзо кўзи ожизлар йиллар давомида бу бинодан фойдаланиб келган. Турли маданий тадбирлар, спорт мусобақалари худди шу бинода ташкил этилиб келинди. Турли байрамлар шу бинода ўзгача шод-хуррамлик билан нишонланган. Кўриш қобилияти йўқлиги боис жамият ҳаётига фаол аралашолмаганлар учун бу жой ўзига хос маскан эди. Жамиятнинг туман бўлимига «Амир Хамза» жомеъ масжиди туташ эди.
Масжид учун автотураргоҳ қуриш истаги пайдо бўлгач, қўшнилар ўртасида муносабат бузилди. Масжид маъмурлари ташландиқ бўлиб ётганида аҳамият бермаган, кўзи ожизлар томонидан обод қилинган жойга даъво қила бошлади. Бу орада кўзи ожизларнинг додини эшитадиган одам топилмади. Ҳокимлик ўзи чиқарган қарорлар ижроси масаласига панжа ортидан қаради. Тошкент вилояти «Ермулккадастр» ДК Бекобод туман филиалининг маълумотномалари эса ҳисобга ўтмади. Олдинган тузилган режа асосида махсус техникалар ёрдамида тунда келишиб, жамият биноси бузиб ташлашди...
Нарсалар талон-тарож қилинди. Шиферлар, ёғочлар, стол-стуллар — қўлга илинадиган нимаики бор – «эгасини таниб» кетди. Зафар шаҳарчаси «Бўстон» маҳалласи Ибн Сино кўчасида жойлашган собиқ боғча биносининг бир қисми туман ҳокимининг 2000 йил 29 декабридаги фармойиши билан кўзи ожизлар жамиятининг туман бўлимига ўтказилганлиги ҳақидаги фармойиш амалда ҳеч бир кучга эга бўлмади...
Бузиш ишлари эса тўхтай демасди. Эндиги навбат бинога ёндош бўлган аҳоли уйларига келган эди. Кўмак сўраб борганлар ҳокимнинг судга беринглар, деган совуққина қисқа жавобидан ҳафсалалари пир бўлиб қайтишди. Талон-тарож қилинган буюмлар юзасидан ҳудуддаги ички ишлар бўлимига қилинган ёзма мурожаатларга эса муносабат ҳам бўлмади. Шундан сўнг кўзи ожизлар неча марталаб тумандаги масъул идораларга боришди. Уларга ҳеч ким қулоқ солавермагач, судга мурожаат қилишга мажбур бўлишди.
Аммо... судда жамият номидан ёзилган ариза қабул қилинмади. Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўрувчи ташкилот — фуқаролик судининг адлия вазирлиги томонидан берилган гувоҳномаси асосида фаолият кўрсатувчи нодавлат-нотижорат ташкилотнинг мурожаатига бундай муносабат мавҳумлигича қолди. Бу эса жамият аъзоларига навбатдаги зарба эди. Шундан сўнг уйи бузилиш хавфи остида бўлган фуқаролар ариза ёзишади. Ушбу иш фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судида 2018 йил 21 сенябрь кунида кўриб чиқилди. Суднинг ҳал қилув қарори мазмунини юқорида айтдик... Кўзи ожизлар жамияти ва фуқаролар манфаати учун тақдим этилган ҳокимлик қарор ва фармоийшлари, кадастр ҳужжатлари ҳақиқий эмас, деб топилган бир пайтда масжид қуриш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер ажратиш ҳақида Халқ депутатлари туман Совети ижроия комитети 1990 йил 21 ноябрдаги қарори ҳамда 1990 йил 3 октябрдаги далолатномаси суд қарорига асос сифатида қайд қилинган. Иккинчидан, бирор кишига ўша ҳужжат кўрсатилгани йўқ. Айни кунларда эса Мажбурий ижро буюроси ходимлари келиб, уй эгаларини бошқа жойга кўчишга ундашмоқда. Қиш-қировли кунларда борарга жойи бўлмаган инсонлар кимдан нажот кутишни билмайди. Эшик тақилласа юрагини ҳовучлайди...
...Қадимдан масжидлар муборак маскан ҳисобланган. Масжидлар атрофида ғарибхоналар, етимхоналар барпо этилган. Бу бежизга эмас. Чунки руҳий покланиш, Яратган буюрган фарзларни адо этишга келганлар доим уларнинг бошини силашган. Бугун эса масжидга келувчиларнинг уловлари учун тураргоҳ қуриш важи билан кўзи ожизлар кўчага ҳайдалмоқда. Чора қаерда, ечим нимада? Масъуллар вазиятга қандай изоҳ беришади?
Фарҳод Умаров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter