Яна нохуш хабар. Коронавирусга чалинган жиззахлик отахон вафот этди
Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида яшовчи, 72 ёшли отахон Қ.Р. жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилинган ва карантин муассасасига тиббий кузатувга олинган. 22 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда 25 июнь куни коронавирус аниқланган. Беморга «Коронавирус инфекцияси оғир кечиши, чап томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги 2-даража» ташхиси, шунингдек, “Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет оғир кечиши” қўшимча ташхиси ҳам қўйилган.
Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия ва қандли диабет ташхиси билан даволаниб юрган.
Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.
Сўнгги кунларда нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Эслатиб ўтамиз, бу икки кун ичидаги тўртинчи ўлим ҳолати. Кеча, 28 июнь куни коронавирус инфекцияси қайд этилган икки бемор вафот этган эди. Аввалроқ бухоролик аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмагани хабар қилинганди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда 24-ўлим ҳолати қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter