Коронавирус: керагидан ортиқ дори-дармонлар, ортиқча антибиотиклар... Вазирлик хусусий клиникаларни қатъий огоҳлантирди
«COVID-19»га чалинган беморларни қабул қилган хусусий клиникалар даволаш стандартларини бузса, лицензияси суд орқали бекор қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида «COVID-19» инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собиров «COVID-19» инфекциясини даволаётган нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида маълумот берди.
Маълум қилинишича, пойтахтимизда жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Шулардан фақат 7 таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган. «COVID-19» инфекциясини даволаётган хусусий тиббиёт ташкилотларининг аксариятида зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, улар орасида санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилмасдан иш юритаётганлари мавжуд.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Анестезиология ва реаниматология кафедраси ассистенти Алла Росстальная хусусий клиникаларда «COVID-19» инфекциясидан даволанаётган беморларга юритилган касаллик тарихларини таҳлил қилар экан, уларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, икки ва ундан ортиқ антибиотиклар берилганлигини, даволаш стандартларига зид равишда инфузион суюқликлар қуйилганлигини кўрсатиб берди.
Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, «COVID-19» инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, биттадан ортиқ антибиотикни қўллаш касалликнинг тез суратларда оғир шаклига ўтиб кетишга сабаб бўлмоқда. Мониторинг давомида хусусий тиббиёт ташкилотларида айнан шундай хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармасига ҳудудий санитария-эпидемиология ташкилотлари билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, даволаш стандартларини бузган хусусий клиникаларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритиш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter