Дезинфекцияловчи вертолётлар, жаримага тортилувчи ота-оналар ва коронавирус бўйича бошқа фейк хабарлар
Ижтимоий тармоқ ҳамда мессенжерларда коронавирус инфекцияси бўйича турли хабарлар тарқамоқда. Коронавирусга оид маълумотлар бериб борувчи @koronavirusinfouz каналида тармоқда энг кўп тарқалаётган фейк (ёлғон) хабарлар ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, қуйидаги хабарлар ёлғон:
- «Бугун 23:00 ва тонгги 5:00 гача вертолётлар дезинфекция учун дори сепади. Дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозим ва 23:00дан сўнг кўчаларда юриш мумкин эмас. Ҳарбий қисмдан хабар беришди»
- «Дўконларда, автобусларда ва кўчаларда болалар аниқланса, ота-оналари жаримага тортилади»
- «Хавфсизликни таъминлаш мақсадида эртадан бошлаб мактабларда рейдлар ўтказилади. Мактабда қўшимча дарслар ёки тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар аниқланса, мактаблар жаримага тортилади»
- «Коронавирус ўпкага ўтишидан аввал, томоқда 4 кунгача сақланиб туради, шу пайтда йўтал ва томоқ оғриқ бошланади. Агар шу даврда кўп сув ичилса, туз ва уксусли сувда томоқ чайқалса, вирус йўқолади»
Шунингдек, маълум қилинишича, коронавирус касаллиги туфайли ўлим ҳолати аниқлангани ҳамда Ўзбекистонда телефон қўнғироқлари ва хабарлар ёзилиши, ижтимоий тармоқлар мониторинг қилиб борилиши тўғрисидаги хабарлар ҳам ҳақиқатга зид.
Эслатиб ўтамиз, ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хорижий ОАВдаги маълумотларга кўра, вертолётлар орқали дезинфекцияловчи дорилар сепилиши ҳақидаги хабарлар Украинада ҳам тарқалган ҳамда ушбу мамлакатда ҳам уларнинг фейк экани айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter