«Кўп гўштдан кўп нон ейишгача»: Фермерлар кенгаши парламентга мурожаат қилди
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши парламентга мурожаат қилиб, ғалла нархларидаги муаммоларга ечим сўраган.
Бу кенгашни ҳали кўпчилик унутиб улгурмаган бўлса керак. Кенгаш раиси Актам Ҳайитов гўшт нархининг ошишига гўштни кўп истеъмол қилишимиз ва озуқа етишмаслигини асосий сабаб сифатида айтиб ўтган эди.
Мурожаатномада Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи заҳматкаш деҳқонларнинг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатларига яраша даромад олишлари ва шу орқали уларнинг ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга қизиқишлари ортишини таъминлаш мақсадида қатор таклифлар билдирилган.
Мурожаатномада таъкидланишича, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяпти.
Бунинг сабаби, дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни ҳукумат белгилаб қўйган қатъий нархда сотиши билан изоҳланмоқда. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли, фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, кенгаш парламент вакиллари эътиборига бир қатор таклифлар билан чиққан. Хусусан:
- давлат томонидан ғалла етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириш;
- фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳамда бошқа ресурсларни етказиб беришни тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш.
Мурожаатномани ўрганиб чиқиш учун депутатлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ мурожаатномада келтирилган ҳар бир далил ва таклифни жойларга чиққан ҳолда, дон корхоналари, фермерлар ҳамда истеъмолчилар билан бевосита учрашиб, ҳар тарафлама ўрганадиган, халқнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф тайёрлаши айтилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter