Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Компьютер кимнинг фойдасига алдайди ёхуд биллингдаги «хато»лар қачон тугайди?

Компьютер кимнинг фойдасига алдайди ёхуд биллингдаги «хато»лар қачон тугайди?

Фото: «Skelbiu.lt»

Мобиль алоқа бизнинг энг яқин ҳамроҳимиз. Унинг кўнгилдагидек ишлаши учун замонавий қурилмалар харид қиламиз, хизмат ҳақини олдиндан тўлаб қўямиз. Қани эди коммунал тўловларга ҳам шу тариқа ёндашсак. Майли, мавзудан чалғимайлик.

Мобиль алоқа операторларининг хилма-хил тариф режалари, турли интернет пакетлари ва бонуслари мавжуд. ОАВдаги жозибадор рекламалар улардан фойдаланиш иштиёқингизни оширади.

Улар айтгандек, замонавий хизматдан фойдаланиш учун «энг арзон» тўловларни амалга ошириб, мобильь тармоққа уландик ҳам дейлик, энди, ракета ёки суперкар тезлигидаги алоқа ва интернетга эга бўламизми?

Бизнингча бунга ҳали бор. Реклама ва ҳаёт ўртасидаги тафовут — катта.

Сабаби, мутахассис сифатида ўзимиз дуч келаётган ҳолатлар шуни тасдиқлаяпти.

Биласиз, мобиль компаниялардаги ҳисоб-китоблар компьютер дастурлари (биз уни махсус биллинг тизимлари деймиз) орқали амалга ошади. Бу ҳар қандай мижозни хотиржам қилади. Сабаби, компьютер алдамайди. Оддий калкулятордан мисол, унда 2+2 амали ҳар қандай ҳолда 4 чиқади. Лекин, калкулятор билан компьютер ўртасида катта фарқ бор. Шунинг учунми компьютерни аллақачон ЭҲМ деб атамай қўйганмиз. 

Шуни билингки, мазкур биллинг тизимларида ҳам хатоликлар учрайди. Улар ҳам янглишади. Лекин, ҳеч қачон сизнинг фойдангизга эмас, ўз эгасининг фойдасига!

Билса — ҳазил, билмаса — чин деганидек, хатога йўл қўйса ҳам фақат компания фойдасига хато қилади?!

Келинг, гапни исботи билан давом эттирайлик. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмасига жорий йилнинг ўтган даврида мобиль телефон рақами ҳисобига етарли миқдорда пул туширганига қарамасдан ишламаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Таассуфки, аксарият мурожаатлар кўриб чиқилганида айнан компанияларнинг биллинг тизимидаги хатоликлар туфайли абонентлар мобиль алоқа хизматларидан узилиб қолгани маълум бўлди.

Хусусан, 2018 йил 3 январ куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи Баҳодир Олимов (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳисобидан маблағ ечиб олинганлигига қарамасдан, уч кундан бери «UMS» компанияси мобиль алоқа хизматларини кўрсатмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида алоқа хизматлари учун мурожаат этувчи ҳисобидан 2018 йил 2 январ куни маблағ ечиб олинганлиги ва «Gap Bor!» тариф режасига асосан 444 дақиқа чиқиш қўнғироқлари учун ҳамда 50 Мб интернет-трафиги тақдим этилиши керак бўлса-да, биллинг тизимидаги хатолик туфайли ушбу дақиқа ва трафиклар тақдим этилмаганлиги маълум бўлди. Мижознинг компанияга 6 маротаба қилган мурожаати ҳам ёрдам бермаган.

Инспекциянинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ва компания ходимлари томонидан мазкур мурожаат ҳамкорликда ўрганиб чиқилгандан сўнггина, 2018 йил 6 январ куни мурожаат этувчига 444 дақиқа ва 50 Мб интернет-трафик қайта тиклаб берилиб, ортиқча олинган маблағ қайтарилган.

Жорий йилнинг 1 январ куни Наманган вилояти Поп туманида яшовчи Акмал Солиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ўзининг «Ucell» компанияси мижози эканлиги, ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олинганлиги ва ушбу масала бўйича қилган мурожаатлари жавобсиз қолганлигини маълум қилиб,  мазкур масалада инспекциянинг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилди. Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида «Ucell» компаниясининг биллинг тизимидаги хатоликлар туфайли мурожаат этувчининг ҳисобидан  ортиқча маблағ олинганлиги аниқланди ва компания томонидан мазкур маблағ қайтариб берилди.

Шунингдек, биллинг тизимида носозликлар республикамизда энг кўп абонентга эга бўлган ва ўзининг ёрқин рекламалари билан ажралиб турувчи «Beeline» компаниясида ҳам кузатилди. Компаниянинг 2018 йил 1 март куни «Status» ва «Bir Oy» тариф режаларидан фойдаланувчилардан абонент тўлови ечиб олинишида муаммолар юзага келганлиги ва ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли кўплаб мижозлар сарсон бўлди. Жумладан, ҳудудий бўлинмага 2018 йил апрел ойида Учқўрғон тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Олим Дўстматов (исм-шарифи ўзгартирилган) «Beeline» компанияси томонидан ҳисобидан маблағ ечиб олинганлигига қарамасдан, тариф режасида белгиланган чиқиш учун қўнғироқлар ва интернет трафиклар тақдим этилмаганлиги юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида, «Beeline» компаниясининг ахборот тизими (биллинг)да 2018 йил 1 март кунидаги муаммолар сабабли, мурожаат этувчининг ҳисобидан абонент тўлови 3 март куни ечиб олинганлиги ва навбатдаги тўлов олиш санаси этиб 2 апрел куни белгиланганлиги ҳамда мурожаат этувчи доимгидай ойнинг 1-санасидан бошлаб хизматлардан фойдаланишда давом этганлиги учун ҳисобидан маблағ ечиб олинганлиги аниқланди. Бир қарашда ҳаммаси тўғридай, бироқ ҳисоб-китоб санасидаги ўзгариш юзасидан мижозни огоҳлантириш компаниянинг хаёлига ҳам келмаган.

Келгусида бундай ҳолатлар келиб чиқмаслигини таъминлаш мақсадида инспекциянинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан мобиль алоқа операторларига кўрсатмалар ва огоҳлантириш хатлари тақдим этилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Ўйланиб қоласан киши, ноҳақликка дуч келган истеъмолчилар андишадан кечиб, мурожаат орқали ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаяпти. Бунга етарли аҳамият бермай, компьютернинг алдамаслигига ишонган мижозлар алданиб қолмаяптимикин?!

Йирик АКТ мутахассисларининг сунъий интеллект устида ишлаётгани тез-тез қулоққа чалиниб қолади. Эҳтимол шундай кашфиёт аллақачон яратилгандир. У турли дастурлар кўринишида ўз эгаси фойдасига янглишиб, уларни бой қилаётгандир ҳам. Бўлиши мумкин, у сунъийда. Унда инсоф йўқ, диёнат йўқ, шу боис эртасини ўйламайди.

Биз мақола ёзиш жараёнида хаёлимизга келган бу фикрни мобиль компанияларидаги хатоликларга боғламоқчи эмасмиз. Лекин уларни мижозлар ҳақини ҳисоб-китоб қилиш жараёнида юзага келаётган муаммолардан хулоса чиқаришга чақирамиз.

Донишманд халқимиз айтганидек “Қарс – икки қўлдан чиқади”, мобиль алоқа операторлари томонидан мижозлар олдидаги мажбуриятлар виждонан бажарилса, абонентлар томонидан хизматлардан фойдаланиш ҳажми ошади ва компаниялар даромади кўпаяди ҳамда янги технологияларни, яъни 4G ва уфқда кўринаётган 5G авлод тармоқларини жорий этиш имконияти янада ошади.

А.ҲАСАНОВ, инспекциянинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг