Комил Алламжонов: «Афсуски, узоқ йиллар «халқимиз сўз эркинлигига тайёр эмас» деган ёлғон тамға ёпиштирилди»
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги хусусида ёзди.
«Самарқандда ташкил қилинган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар элчилари иштирокида бўлиб ўтаётган халқаро давра столида хорижлик меҳмонларга Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердик.
Афсуски, узоқ йиллар «халқимиз сўз эркинлигига тайёр эмас» деган ёлғон тамға ёпиштирилиб, журналистлар узоқ йиллик цензурага маҳкум этилди. Аслида одамларимиз қанчалик эркин ва довюрак бўлганини тўқсонинчи йиллар бошидаги парламент сессиялари ҳам тасдиқлайди. Яқинда «Youtube» орқали ўша тасмаларни кўриб, сўз эркинлигининг ҳақиқий ва самимий кўринишига гувоҳ бўлдим.
Йигирма беш йиллик ёпиқ режимдан сўнг ҳаттоки журналистларимизни ҳам ички цензура бутунлай тарк этгани йўқ. Муаммоларнинг барчасини бир зумда ҳал этиш мумкин эмас, бироқ Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли соҳадаги муаммолар бирин-кетин барҳам топяпти. Давлат раҳбари журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаяпти, танқидий материаллар ёзишга чорлаяпти. Бу — замон ва ислоҳотлар талаби.
Ишончим комилки, Ўзбекистон яқин келажакда очиқлик ва ошкоралик тамойилини янада мустаҳкамлайди ва дунёдаги сўз эркинлиги, демократия қарор топган мамлакатлар сафига қўшилади» дея ёзади Алламжонов.
АОКА раҳбарига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда Сўз эркинлиги Марказий Осиё форумини ўтказишга тайёр.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter