Китобхўрдан ёмон прокурор чиқмайди
Кеча Бош прокуратура матбуот хизматидан навбатдаги хабар келганди, денг. Йўқ, матн кимдир қўлгани тушгани ёки қайсидир жиноят фош этилгани хусусида эмас. Буниси анча «ёруғ мужда»: Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги Академиянинг бир гуруҳ ходимлари яқинда барпо этилган Адиблар хиёбонига ташриф буюрибди.
Буни жудаям эътиборли воқеа дейиш қийиндир, балки. Бироқ воқеликнинг диққатни жалб қиладиган нуқталари ҳам анча. Масалан, хабар матни расмийликдан йироқ, бироз шоирона, ҳатто пафос билан ёзилибди. Чамаси, муаллиф (муаллиф прокурор эканига шубҳа йўқ) хиёбоннинг ўзида ёки у ердан келасола қоғоз қоралашга тушганга ўхшайди. Нега десангиз, «Адиблар хиёбони»да шундай муҳит ҳукмронки, фасоҳат гулшанида сезасиз ўзингизни, руҳиятнингизни ажиб ҳислар чулғаб олади (давлат ҳозирги осон бўлмаган пайтда юзлаб млрд. сарфлаб шундай маскан барпо этганини эндиям тушуняпсизми?!).
Бундай ҳисларни туйган одам оддий гапларниям «шоирона тарзда» ёзворади беихтиёр. Мана, матндан парча: «... маънавият сарчашмаси бўлмиш адабиётдан бехабар, унинг ҳаётбахш хазинасидан бебаҳра инсон одамийлик қиёфасидан йироқ бўлади, ёвузлик ва қабоҳатга берилади, ўзининг чиркин манфаатлари йўлида миллату мамлакатни сотишдан ҳам ор қилмайди!». Буларни ўқиб, ўйлайсанки, «Адиблар хиёбони»ни тез-тез зиёрат қилган прокурор не, ҳатто қассоб ҳам шоир бўп кетиши мумкин: бу масканга келган одам бошқача бўлиб чиқиб кетади-да.
Маҳкама раҳбарияти ходимларини бежиз янги хиёбонга жўнатмабди. Буям китобхонлик тарғиботига яхши восита, яхши даъват. Зеро, китобхўрдан ёмон прокурор чиқмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter