Кичик таҳлил. «Ўзбектелеком» АК хизматларининг нархлари қанчалик қиммат?
Деярли ҳар ойда қайсидир маҳсулотнинг ёки хизматнинг нархи ошади. Табиийки, бундан аҳолининг кундалик харажатлари ҳам ошиб боради. Буни ҳисобга олган ҳолда ўз мижозларига қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбектелеком» АК сўнгги йилларда сунъий равишда хизматлар нархини пасайтириб келди.
Аммо абонентларга сифатли хизмат кўрсатиш баробарида замон билан ҳамқадам бўлиш, жаҳондаги технологиялар янгиликларига динамик тарзда жавоб бера олиш, уларни тадбиқ этиш катта харажатларни талаб этади. Жаҳон телекоммуникациялар бозорида ривожланиш бир зум бўлсин, тўхтаб тургани йўқ.
Бу бозорда рақобатбардош бўлиш учун тизимда энг сўнгги технологияларни жорий этиб бориш зарур. Буларнинг барчаси тарифларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келиши табиий ҳол. Бироқ «Ўзбектелеком» АК икки йилдан ортиқ вақт давомида халқаро алоқа сифатини таъминлаш харажатларини ўз гарданига олиб келган, хусусан амалдаги телефон кабелларини янгилаш ва янгиларини ўтказиш, қурилмаларни модернизация қилиш ва бошқа ишлар, зарар кўрилса-да, компания томонидан тарифлар кескин оширилмасдан амалга ошириб келинди. Қўшни давлатлар операторлари ўз тарифларининг ошириб боришига қарамасдан «Ўзбектелеком» паст нархларда хизмат кўрсатишни давом эттирди.
Харажатларни мустақил равишда қоплашни давом эттиришга имкон қолмагач, ўтган йил охирларида халқаро телефон қўнғироқларига тарифларнинг оширилиши ҳақида маълум қилинган эди. Бироқ абонентлар мурожаатлари ва сўровлари инобатга олиб, яна маълум муддатга халқаро алоқа хизматлари нархининг табиий равишда ўсишига чеклов қўйилди.
Ўзбекистон ахборот технологиялари бозорида йирик оператор сифатида “Ўзбектелеком” АК мамлакатдаги инновацион ривожланиш, абонентлар базасини кенгайтириш, юқори технологияларни барча шаҳар ва қишлоқларга етказиб бериш учун ўзини масъул деб ҳисоблайди.
Ҳозирги кунда компания молиявий барқарорликка эришишга интилиб, ўз эътиборини фаолиятининг иқтисодий самарадорлигига қаратмоқда. Операторлар билан халқаро келишувлар хорижий валютада амалга оширилади. Компания маълумотига кўра, харажатлар ошиб бораётгани сабаб «Ўзбектелеком» АКнинг хизматлар нархини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлинган. Бундан ташқари тармоқнинг техник базасини модернизация қилиш, филиалларни халқаро стандартдаги қурилмалар билан жиҳозлаш муҳим масалалардан бири бўлиб қоляпти.
Шу сабаб, 2018 йил 1 февралдан «Ўзбектелеком» АК қуйидаги универсал хизматлар учун тарифларни оширишга қарор қилди:
- Маҳаллий телефон алоқаси учун тўлов 30 фоизга оширилади;
- Халқаро телефон қўнғироқлари ҳамда сунъий йўлдош алоқа тармоқларига тарифлар 70 фоизга оширилади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, МДҲ мамлакатларида миллий операторларнинг тарифлари 0,12 ва 1,24 АҚШ доллари оралиғида ўзгариб турибди, жумладан Россияда – 0,29 дан 0,51 гача, Қозоғистонда – 0,11 дан 0,37 гача, Қирғизистонда – 0,12 дан 0,43 гача, Туркманистонда – 0,82 дан 1,24 гача, Украинада – 0,25 дан 1,2 гача, Молдовада – 0,32, Белорусияда – 0,20 дан 0,25 гача.
Юқоридаги жадвалдан кўриниб турибдики, тарифлар оширилганига қарамай, МДҲ мамлакатлари билан таққосланганда Ўзбекистонда телекоммуникация хизматлари учун нархлар ҳамон нисбатан паст кўрсаткичда қолмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter