«Келин нафсига мушт туширсин» ёки бир ҳовуч малина...
Facebookдаги «Маслаҳат» гуруҳида турли мавзуларда постлар қўйилади, маслаҳат сўралади. Яқинда бир бўлғуси ота ярим кечаси «Хотиним ҳомиладор, малина егиси келаяпти, қаердан топсам бўлади», деган мазмунда пост қўйди.
Дастлаб бу сўровга кўпчилик ўзи билган манзилини ёзди — айримлар ҳозир анқонинг уруғини топса бўладиган супермаркетларни тавсия берди, баъзилар уйида музлатилганини таклиф қилди. Яна кимлардир қулупнай еса балки хумори босилиши мумкинлигини эслатиб ўтишди.
«Биз ҳам туққанмиз, емаганмиз, ўлмаганмиз»
Ҳаммаси текис кетаётган, маслаҳат сўраган эркак кўнгли андак умидга тўлаётган бир пайтда гуруҳ аъзоларидан бири (шартли равишда А.деб атай қоламиз) А. исмли аёл «Келин нафсига бир муштласин», деган изоҳидан кейин ҳақиқий тўполон бошланди:
А: Келин нафсига бир муштласин.
Б: Эсингиз жойидами, иккиқат бўлсачи?
А: Иккиқатлигини билиб айтаяпман.
Б: Қизингизнинг бошига тушсин, шунақа қайнона, бошқа гапим йўқ.
А: Қизим бошқоронғи бўлган, лекин нафсига қул бўлмаган.
Б: Жуда оширвормадингизми опа, бу ерда қайноналигингиз кетмайди, иккиқат хотин одам эмасми?
В: Сизнинг қизингиз дунёда ягона бўлақолсин, мен ҳам нафсига қул бўлганларданман, шунақа пайти нафс гапирилмасада, дунёнинг нарсасини емаса керак.
А: Сабр қилса ақлли бола туғади ўша келин, бу қилиғи тантиқлик.
Г: Сиз токсикоз бўлганингизда эрингиз нафсингизга бир муштлатган шекилли. Ҳомиладор аёлга бу гапни айтиб кўринг, кўнглига қанчалик оғир ботади. Уйингизга келадиган келинга ачиндим.
Д: Баъзилар эътибор фақат уларга бўлишини хоҳлайди. Келин ҳомиладор бўлиб ўғли бир нима олиб келса балога қолади, бунақалар ёмон келин бўлган ва ёмон қайнона бўлади, ёмон қайнона ҳеч қачон яхши келин бўлмаган.
Е: Аёл киши аёл кишига шунақа негатив изоҳ ёзибди. Ўзи келинлигида эрига айтдириб олдирмаганмикин? Худо хоҳласа келин олсам ўзимни келинлигимнинг «аччиқ хотиралари»ни эсга солдирмайман. Бозорга бирга бориб кўнглига ёққан егулигини олиб келаман.
Л: Жуда бунчаликмасе. Биз ҳам иккита туққанмиз. Егимиз келганида йўқчилик эди, индамай чидаганмиз. Боланинг соғлом туғилиши Аллоҳнинг иродаси билан. Ҳеч нарса қилмайди емаса. Биз туққан пайтда битта кир совунни 2 ойга берган пайтлар эди. Малинани егимиз келсаям индамапмиз. Болларимиз соғлом, ақлли, ўқимишли бўлишди. Сабр қилсин, ҳеч нарса қилмайди...
С: Ҳомила шуни емаса ўлиб қолади демаган аноним ҳам, бир ойдан бери ҳеч нарса емайди, бугун малина сўради деб ёзган. Нима қилибди ҳозир қаҳатчиликмаску, малина топиш муаммо эмас, дўконлар кечаю кундуз ишлаяпти, «доставка» бор, нимага дарров нафсни тийишга чақириш керак. Шунақа пайтда харажат қилмасдан, туққанидан кейин 100 та хотинга қовурдоқ едириш керакми ёки вафот этганида 500 та одамга ош бериш керакми? Шароити бўлса олиб берсин, агар пули бўлмасаям ана одамлар уйимда музлатилгани бор текин бераман деяптию.
Ж: Тепада уч тўрттаси нафсини муштласин дебди. Ахмоқ миялар. Қорнида бола ривожланяпти. Суяги ўсаётгани учун онаси ҳадеб творог егиси келади майиз билан. Мияси ўсаётгани учун онаси кабоб егиси келади. Нафсинга муштла дейсанлар. Сенлар нафсини муштлаб-муштлаб чалажон камқон бола туғилса даволаб берасанми? Қўлида чақалоғи, онаси қилтиллаб туради. Қонини ўлчаса гемоглобин 50. Пост қўйиб юради келин аёллар группаларида иккиқатман, нима килиб қонимни кўпайтирсам бўлади деб. Болада гипоксия экан, болам жуда ёмон ухлайди, боламда калций етишмасакан, боламга шифокор керак деб... Онаси емаса боласи осмондан оладими? Яна кўпчиликка ўғил керак. Хотинни боқмасангиз қаердан туғилади қўчқордай ўғил-қиз? Аёлингиз чалажон, нимжон бола туғса ҳам худога шукр денгсизлар. Ўша боласиям эрникида емай, отасиникида ҳафтада бир гўштга тўйиб келгани учун ўлмай туғилган. Сенларга қолса келининг емасаю, ичмасаю, югуриб-елиб хизмат қилса, памперс ҳам ишлатмаса, кашаям ишлатмасдан сути кўп бўлса.
Болаларим дўмбоқ-домбоқ, сутим доим кўп ва ёғли бўлган. Қанақа қилиб болларингиз бунақа дўмбоқ, сутингиз зўракана дейди ким кўрса. Доим қоним 13-14 юради. Чунки менга ҳеч ким еган-ичганимни ўлчаб-чегаралаб бермайди. Есам ўғритомоқ, кўп ейди, нафси бузуқ демайди. Шу сири!!! Ўзингизча бошқа келин-аёлларга шукр қил, нафсингни тий, биз тийганмиз, деб насиҳатгўйлик қилишингиз, аслида ўзингиз билмай эрингизни шарманда қилаётганингиз. Эрим иккиқат ҳолимда ҳам мени боқолмаган деганингиз бу. Бошқаларни эри ҳам сизникига ўхшаши керакми энди?...
Ҳа, ижтимоий тармоқнинг нимаси яхши, ҳеч ким иккиюзламачилик қилмайди, кўнглидан ўтган гапни шартта ёза олади. Агар мана шундай фикр ҳаётда, давраларда билдирилса, аниқ кўпчилик нафсига муштлаган аёл томон бўлади ёки индамай қўя қолади, ижтимоий тармоқ эса ҳар ҳолда ҳақиқатнинг юзага чиқишида кўзгу бўлади. Оддийгина ҳомиладор аёлнинг егиси келган нарсани топиб беролмаслик шунчаки кўз юмиб кетадиган ҳолат эмаслигини англаб етгандек бўламиз. Бу ҳақда мутахассисга юзландик.
Инжиқликми ёки таннозлик...
Гулмира Аҳмедова, олий тоифали шифокор: Ҳомиладор аёлларнинг «инжиқлик»лари ҳақида кўплаб латифалар, афсоналар мавжуд. Масалан қишнинг ўртасида ҳомиладор аёл қулупнайни истайди ва гўштни севмаган яна бир ҳомиладор кабобга кўнгли кетади. Ҳомиладорликда организмда қандай ўзгаришлар кузатилади? Нима учун таъмга оид нохушликлар пайдо бўлади? Агар аёлда тўсатдан сутга иштиёқ пайдо бўлса, организмда калций етишмайди. Агар С витамини керак бўлса, унда аёл нордон нарсаларга ўч бўлиб қолади. Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кўп аёллар шоколадга бўлган иштиёқни бошдан кечиришади. Буни тананинг кўп миқдорда калория талаб қилиши билан изоҳлаш мумкин. Тузли ва тузланган овқатларга бўлган эҳтирос ҳомиладорлик даврида қон миқдори ортиб бориши ва организмнинг натрийга муҳтожлиги билан изоҳланади. Баъзида ҳомиладор аёл кўнгли тусаган нарсаларни емаса боласининг қулоғи чиноқ ёки кўзи кўк бўлиб қолади деган гапларни ҳам эшитамиз. Бу мажозий маънода айтилган бўлса керак. Боланинг қулоғи чиноқ ёки кўзи кўк бўлиб қолмайдию, лекин ҳомиладор аёл ҳаловатини йўқотади, асабий бўлиб қолиши ҳам бор гап...
Демак, токсикоз оғир ўтганлар келинларнинг иддаоларида жон бор. Масаланинг иккинчи томони —ҳозир тўкинлик пайтида қайноналарнинг нафсни тийиш ҳақидаги фикрига нега бунча кўпчилик қарши чиққани ҳам бир сигнал. Бир пайтлар келин бўлиб рўшнолик кўрмаган, эрига истаганини олдириш уёқда турсин, егиси келган нарсани сўраб ололмаган, сўраганда ҳам қайнонаю бошқалар томонидан рад этилган келинлар нимагадир ўзидаги қийинчиликни бошқаларга ҳам раво кўради. Бундан билиш қийин эмаски, зулмдан зулм, жаҳолатдан жаҳолат туғиларкан.
Хўш, биз тўғри ўйлаяпмизми — ростдан зулмдан зулм туғиладими?
Рўшнолик кўрмаган келин ёмон қайнонага айланади....
Зарифбой Ибодуллаев, нейропсихолог, профессор: Аламзадалик – бу ёмон иллат. Аламзадалик ва кўролмаслик гўёки эгизак. Масалан, янги тушган келин уйда қилган меҳнатига яраша қайнонадан меҳр кўрмаса ва ҳар доим камситилаверса, у аламзада бўлиб ўсади. Келажакда бундай келин аламзада қайнонага айланади. Аламзадалик болалик ёки ўсмирлик даврида шаклланиб бошлайди. Унинг негизида меҳр кўрмаслик, бошқалар олдида камситилиш, қилган меҳнатига яраша рағбатлантириш олмаса ва керак бўлса ҳақорат эшитиб катта бўлиш ётади. Тўғри! Болалигида меҳр кўрмай ўсганларнинг барчаси ҳам келажакда аламзада бўлиб етишади, дегани эмас. Мен доимий ҳақорат остида меҳр кўрмай ўсиб сўнгра оила қурганлар ичида ўз фарзандларига ўта меҳр билан боқадиган, одоб билан бола тарбиялайдиганларни яхши биламан.
Аксарият ҳолларда аламзадалик ва кўролмасликни фарқлаш қийин бўлиб қолади. Шу боис мен аламзадалик ва кўролмасликни гўёки эгизак деб кўраман. Катта бир оилага дарз кетиши учун ушбу оилада битта аламзада инсоннинг ўзи етарли. Бу оилада тинч-тотув ҳаёт бўлмайди, аламзада инсоннинг ҳулқ-атвори ҳам ўзига яраша бўлади, аламзадалик нафақат хатти-ҳаракатларда, балки юз ифодасида ҳам кўриниб туради. Аламзада инсон доимо меҳр излаб яшайди, меҳрибонлик излаш бора-бора одамни худбин қилиб қўяди. Аламзадалик негизида шаклланган эгоизм унинг ва атрофдагиларнинг ҳаётига ҳам руҳий зарба беради. Аламзада одам яқинларининг ҳаётига зомин бўлиши ҳам мумкин. «Ўткан кунлар» да Зайнаб Кумушга заҳар беради. Бунинг негизида ҳам аламзадалик ётади.
Аламзадаликка даво борми? Сезганингиздек аламзадалик болалик ва ўсмирлик даврида олинган руҳий жароҳат туфайли ривожланади. Аламзадаликнинг давоси қуйидагилардир: аламзада инсонга ҳам адолатли муносабатда бўлиш, унинг меҳнатларини рағбатлантириб бориш, унинг қадрига етиш, унга меҳр бериш. Ҳарҳолда аламзадалик бедаво дард эмас.
Ширин Ғафурова, журналист, ФМ 102 авторадио канали бошловчиси: «Маслаҳат» гуруҳида админман. Мана шу гуруҳда кўпинча келинлар билан боғлиқ мавзулар долзарб бўлади. Менга шунақа «хатлар» келадики, уни гуруҳга қўйсам кўпчилик тўқиб ёзилган деб ишонмайди, келинидан овқат қизғанадиган оилалар йўқ деб ёзишади. Келинларнинг ўзлари бошидан ўтган кунларини ёзишади. Шунақа пайтда ёши каттароқ аёллар келинни айблашга ўтиб кетади. «Егингиз келса бармоғингизни тишланг», «бизам сабр қилганмиз, ўлиб қолмаганмиз» деб, аёл аёлни тушунмаслиги, ҳамдард бўлмаслиги, қўллаб-қувватламаслиги мени ҳар доим ҳайрон қолдиради. Ахир сизда шундай бўлган бўлса ҳаммада шундай ўтиши керак дегани эмас, ҳамманинг организми ҳар хил. Кимдадир қийин ўтади бошқоронғилик. Шунақа пайтда аёллар бир-бирини ҳимоя қилиши керак, аёллар билади, бунинг қанақа оғир йўллигини... баъзида ёзишадики кечаси шуни еёлмаганим учун ухламай чиқдим ёки касал бўп қолдим деб. Ҳомиладор аёл еса 3-4 та ейди, дунёнинг овқатини емайди. Ёши катта аёллар келинларга тош отишади ҳозирги келинлар эрка бўп кетди, тантиқ бўлиб кетди деб, организм талаб қилган нарсани егиси келганида ҳаётдаги энг яқин инсони — эрига айтиши таннозликка кирадими? Ахир аёл ўша эрнинг фарзандини, қайнонанинг авлодини — набирасини қорнида кўтариб дунёга келтиради.
Яна бир воқеа ҳақида ёзди яқинда бир ота. Дуркун қизини ўзига тўқ хонадонга турмушга узатиб 42 кило бўлиб қолгач яримжон қилиб олиб кетган уйига. Айтишича оилада алоҳида овқат қилинаркан, эркакларга, катталарга гўштли овқат, келинларга гўштсиз шўрва... Қанақа қилиб эрнинг томоғидан хотини емаган гўшт овқат ўтади. Нарёғда ҳомиладор хотин гўштсиз овқат еса... Бу ваҳшийлик, бу ёвузлик деб ҳисоблайман. Бунақа аноним хатларни ўқиб даҳшатга тушаман, ўтказмайман, гуруҳда жуда ёмон тўполон бўлиб кетиши мумкин, деб. Бунга норма деб қаралиши мени таажжубга солади.
Бу пост орқали нимани хулоса қилиш мумкин...
Бугун қайнона-келин, бўлғуси ота, эр ҳақида қарашларимиз ўзгараяпти. Арзимагандек кўринган муаммоларнинг тагида яхшигина фасод борлигини кўраяпмиз. Ва билиб олдикки, токсикоз аёл қорнидаги боласи учун нарса сўрашини, боланинг соғлом туғилиши онанинг тинч, бахтиёр яшашига боғлиқ экани, аламзада келин йиллар ўтиб янада аламзада бўлишини, бир ҳовуч малина еган келин умрбод эрининг ўша қаҳрамонлигини унутмаслигини, аксинча топилмаса, айтолмаса, онанинг кўнглидагини ҳеч ким эшитмаса йиллар ўтиб ҳам армон билан эсланишини ва ҳаттоки газак олиб бунинг аламини бошқалар тотишини билиб олдик. Яна мана шу баҳс мунозара орқали қайсидир қайнона ёки бўлғуси ота ҳомиладор аёлни кеча эшитмаган тилагини бугун амалга ошириш учун шошиб қолгандир....
Мақола ёзилиши асносида бир ёш йигитнинг «Олой» бозорида кўксултон излаб юргани, пештахта ортида турган сотувчилар балиқлар растасида музлатилган мевалар борлигини айтишгани, ўша кунги постга «неча кундан бери кўксултон егим келаяпти, топилмаяпти», дея маҳзун смайлик қўйган келиннинг изоҳи кўз ўнгимга келди. Демак, малина воқеаси қишнинг қоқ ўртасида анқонинг уруғидек бўлган кўксултон ҳам топилишига сабаб бўлди. Ҳаммасидан ҳам ёш отанинг астойдил кўксултонни топганига хурсандлиги, мана шу хайрихоҳлик — ҳамма нарсадан муҳим!
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter