Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кекса қиролича Елизавета II намойишчилар нафратига нишон бўлди

Кекса қиролича Елизавета II намойишчилар нафратига нишон бўлди

Фото: «Reuters»

Канаданинг Виннипег шаҳрида Буюк Британия қироличаси Елизавета II ҳайкали кўп сонли намойишчилар томонидан ер билан яксон қилинди. Намойишчилар томонидан 1837-1901 йилларда Буюк Британия тахтида ўтирган қиролича Викториянинг ҳам ҳайкали вайрон қилинган.

Норозилик намойишларига Канаданинг туб аҳолиси учун очилган католик мактаб-интернати ҳудудидан 750 та номаълум қабр топилиши сабаб бўлган. Гап шундаки, айнан қиролича Виктория бошқаруви даврида Канада музофотларида маҳаллий аҳоли болаларини насроний анъаналари руҳида тарбиялаш мақсадида католик мактаблари ташкил этилган. XIX-XX асрларда маҳаллий аҳолининг 150 мингдан зиёд болалари мажбурий равишда мазкур мактабларда ўқитилган. Тарихчилар мактаблардаги нобоп шароит туфайли 6000 га қадар туб аҳоли фарзанди нобуд бўлган деб ҳисоблайди.

Канададаги католик мактаблари ҳудудидан болаларнинг исмсиз қабрлари топилиши аввал ҳам кузатилган. Бу ҳол инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан кескин қоралаб келинади.

Бу гал ҳам мамлакат бўйлаб маҳаллий аҳоли фарзандларининг ҳалок этилганига қарши норозилик намойишлари уюштирилди. Қироличалардан ташқари мактаб-интернатлар фаолиятига дахлдор бошқа тарихий шахсларнинг ҳайкаллари ҳам нафрат нишонига айланди.

Канада гарчи мустақил саналса-да, Елизавета II ҳозирга қадар расман давлат раҳбари саналади. Яқиндагина 95 ёшлик юбилейини нишонлаган қиролича қарийб 70 йилдан бери нафақат Буюк Британия, шунингдек, Австралия, Янги Зеландия, Ямайка каби 10 дан зиёд мустақил давлатларни ҳам идора этиб келмоқда.

Буюк Британия ҳукумати ёдгорлик ва ҳайкалларнинг яксон этилишини қоралади, аммо Канаданинг туб элатларига ҳамдардлик билдирди.

«Биз, табиийки, қироличаларнинг ҳайкаллари таҳқирланишини кескин қоралаймиз. Айни чоқда, фожиавий топилмалар сабаб Канаданинг туб элатларига ҳамдардлик изҳор этамиз. Биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борамиз ва туб элатлар муаммолари борасида Канада ҳукумати билан ҳамкорлик қиламиз», – дейилади инглиз ҳукумати баёнотида.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам туб аҳоли вакиллари ўтмишда дуч келган ҳамда бугун рўбарў келаётган адолатсизликларга барҳам бериш лозимлигини таъкидлаган.

Кейинги йилларда Ғарб мамлакатларида империя мероси, қулдорлик ва мусламлакачиликка алоқадор тарихий шахсларга қайта баҳо беришга уриниш кузатилмоқда. Норозилик намойишлари тўлқинида тарихий монументлар ҳам олиб ташланмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил давомида АҚШда сўнгги бир неча ой давомида Христофор Колумбнинг 30 дан зиёд ҳайкали олиб ташланди. Қора танли аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи  Black Lives Matter ҳаракатига кўра, Христофор Колумб томонидан Америка қитъасининг кашф этилиши мустамлакачилик, геноцид, қулдорлик ва ирқий зулм авж олишига сабаб бўлган.

2020 йил 25 май куни Миннеаполис шаҳрида қора танли Жорж Флойд полиция томонидан куч ишлатиши оқибатида вафот этгач,  Қўшма Штатлар бўйлаб оммавий норозилик намойишлари авж олди. Аксилҳукумат чиқишлари давомида АҚШдаги фуқаролик уруши иштирокчилари – қулдорлик тарафдори бўлган тарихий шахсларга қўйилган ўнлаб ҳайкаллар ҳам йўқ қилинди. 

Ирқчиликка қарши ҳаракат нафақат Қўшма Штатлар, Европага ҳам ёйилди. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида, мушкул йилларда инглиз ҳукуматига бошқарган таниқли давлат арбоби Уинстон Черчилль ҳам ирқчиликда айбланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг