Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантинда самарқандлик фуқаронинг уйи бузилмоқда (видео)

Карантинда самарқандлик фуқаронинг уйи бузилмоқда (видео)

Фото: Самарқанд тумани ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда аёл кишининг «Ёрдам беринглар, ҳовлимизни бузишяпти. Пулимизни ҳам бермасдан бузишяпти» мазмуни акс этган видеолавҳа тарқалди.

Унда ҳайҳотдек ва яхшигина таъмирланган ҳовлини ниқоб таққан ишчилар бир чеккадан бузаётгани акс этган. «Кадр ортида» эса аёл кишининг титраб-қақшаб, уйи бузилаётгани, турмуш ўртоғи эса «олиб кетилгани»ни (ИИБ ходимлари олиб кетган, чамаси) айтиб, ёрдам сўраётган нолалари эшитилади.

Ҳолат юзасидан мухтасар суриштирув ўтказган «Xabar.uz» мухбири воқелик Самарқанд туманининг «Қўштамғали» маҳалласида юз берганини аниқлади. Маълум бўлишича, Самарқанд тумани ҳудудида «Эшкак эшиш канали» ва унга туташ жойларда «Самарқанд туристик мажмуаси» барпо этилиши, туристик маршрутдаги йўлларни таъмирлаш ва йўл атрофида бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши муносабати қатор жисмоний ва юридик шахсларга тегиши турар ҳамда нотурар бинолар «снос»га тушган.

Бундай «саодатдан» «Қўштамғали» маҳлласида истиқомат қилувчи Қ.Аҳадов ҳам бенасиб қолмабди. Унга тегишли ҳовли-жойнинг тенг ярми (49 фоиз қисми) бузилиши муносабати унга 618 миллион сўм товон пули ва бошқа ер майдони ажратиш белгилангани айтилади.

Бироқ масала, маҳаллий кенгаш қарорида кўрсатилгандек, силлиқ кечмагани учун Самарқанд туман ҳокимлиги судга даъво қўзғашгача бориб етади.

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг шу йилнинг 17 февралидаги ҳал қилув қарори қарорига кўра, қайд этилган ҳовлининг 49 фоизи (умумий ер майдони 571,51 м2, қурилиш ости майдонининг 459,06 м2.дан иборат) уй эгаси ҳисобидан бузиш ва оила аъзоларини (бузишга тушган уй-жойдан) чиқариш (қаерга экани номаълум) белгиланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълум қилишича, шу кунларда мазкур суд қарори бажарилмоқда. Чунки, суд ҳужжати қонуний кучга кирган ва унинг ижроси бюронинг туман бўлими чекига тушган.

МИБни тушуниш мумкин: улар ўз номи билан ижрочи! МИБда суд қарори муҳокама қилинмайди, балки қонундан кўрсатилган муддатда ижро этилиши шарт.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор: бугунги каратин шароитида уй-жой бузилишига оид суд қарорларини ижро этиш қанчалар мақсадга мувофиқ?! Иккинчидан, суд қарорида бузиш ишларини «уй эгасининг ҳисобидан амалга ошириш» белгиланган. Уй эгаси эса «олиб кетилибди»?! Бузиш харажатлари қайси валломат ҳисобидан амалга оширилмоқда?

МИБ матбуот хизматига кўра, ижро иши бюронинг туман бўлимига келиб тушгач, бу ҳақда уй эгаси шу йилнинг 6 апрель куни огоҳ этилиб, унга 15 кун муддат берилган.

Ҳамма бало шундаки, суд қарори ижрога қаратилган пайтда Қ.Аҳадовга на товон пули берилган, на ер майдони ажратилган! Орадан икки ҳафта ўтгачгина (18 апрель) Самарқанд тумани ҳокими уй-жойининг бузилиши кўзда тутилган қисми эвазига туманнинг «Конигилагротехсервис» агрофирмаси ер харитаси 274 контуридан жами 6 сотих ер майдони ажратиш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарорнинг ижроси эса муаллақ турибди. Товон пули (618 миллион сўм) эса атиги уч кун (20 апрель) олдин МИБ ҳисоб-рақамига ўтказилган, аммо ҳали уй эгасининг қўлига бориб етгани йўқ. МИБга кўра, Қ.Аҳадов айнан бугун (23 апрель) куни товон пулини банк пластик картасига ўтказиб беришни сўраб ариза ёзибди...

Энди қаранг: «снос»га тушган уй-жойларни бузиш ҳақидаги ҳужжатлар «белгиланган тартибда», яна денг каратинга қарамай (!) ижро этилмоқда?! Товон пули тўланишига оид қарорлар эса чўзилиб, «дам еб», фуқаронинг икки оёғи бир этикка тиқилганда амалга ошириладими?! Бундай аҳволда фуқаро бошини қайси тошга урсин?!

Видеолавҳада ҳовли катта ва кўркам экани шундоқ кўриниб турибди. Бундай уй-жой тиклаш учун қанча меҳнат ва машаққат лозимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳовли жойлашган ҳудуд Самарқанд шаҳрининг шундоқ биқинида эканидан бу жойлардаги уйларнинг ҳақиқий бозор баҳоси тўланиши белгиланган товон пулидан а-анча кўпроқ эканини англатади. Бундан келиб чиқилса, берилиши кўзда тутилган товон пули бузилаётган мулкнинг асл қийматига баробар эмаслигиям ойдинлашади. Қолаверса, бир сўмни ўн жойидан тугиб-чатадиган маҳаллий ҳокимият товон тўлаш масаласида «ҳотамтойлик»нинг яқинига ҳам йўламаслиги эътиборга олинса, видеолавҳадаги аёлнинг титраб-қақшаб нола қилаётганини тушуниш мумкин.

Самарқандда ижтимоий адолат деганлари шумикан, ё?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг