Карантин қоидасини бузган йигитни 300 марта ўтириб-туришга мажбур қилишди: унинг юраги тўхтаб қолди
Филиппиннинг Кавите провинциясида полициячилар COVID-19 туфайли мамлакатда жорий этилган карантин қоидаларини бузганларни ўтириб-туришга мажбур қилишди ва шу тариқа бир инсоннинг умрига зомин бўлишди. Бу ҳақда маҳаллий Rappler янгиликлар портали хабар бермоқда.
28 ёшли Даррен Манаог Пенаредондо ва унинг дўстлари 1 апрель, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан кейин сув сотиб олиш учун кўчага чиққанларида тўхтатилган. Амакиваччаси Aдриан Лусенанинг «Facebook»да ёзишича, карантин қоидаларини бузганлик учун жазо тариқасида патруль хизмати ходимлари йигитларни 100 марта ўтириб-туришга мажбурлашган.
Лусенанинг сўзларига кўра, йигитлар жазони бир текис бажаришмаган. Шу боис улар қайта-қайта бошлашларига тўғри келган. Натижада ҳуқуқбузарларнинг ҳар бири 300 марта ўтириб-туришга мажбур бўлган.
Пенаредондо 2 апрель куни эрталаб соат 6 да уйига қайтиб келган ва мушак оғриғидан шикоят қилган.
«Ўша куни у умуман қадам босолмади, шунчаки судралиб юрди. Aммо ваҳима қилмадим, чунки у бу шунчаки мушак оғриғи эканлигини айтди», — деб эслайди унинг қаллиғи Райчелин Бальц.
Кейинги куни Пенаредондонинг юраги хуруж қилиб, нафас ололмай қолди. Бальц қўшниларини ёрдамга чақирди, лекин улар йигитни жонлантира олишмади. Полиция юз берган ҳодисадан хабардор қилинган.
Генерал Триас шаҳар полицияси бошлиғи Марло Солеронинг таъкидлашича, ўз-ўзини изоляция қилиш тартибини бузган фуқароларга нисбатан жисмоний жазо қўллаш тақиқланади. Унинг сўзларига кўра, патруль хизмати ходимлари фақат танбеҳ беришлари мумкин. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter