Канадада Ўзбекистон тақдимоти ўтказилди

Канадада Турк халқлари фестивалида бир гуруҳ ўзбекистонликлар томонидан Ўзбекистон ҳақида тақдимот ўтказилди. Тинч океани соҳилида ўтказилган мазкур иккинчи фестивалда, Канадада истиқомат қилувчи ватандошларимиз ўзларининг Ўзбекистон урф-одатлари, маданияти, санъати ва тарихи ҳақида маълумот берувчи экспонатлар билан иштирок этишди.

— «Мазкур фестивалда қатнашишимиздан асосий мақсад, бу канадаликларга ва Ванкувер меҳмонларига ватанимиз Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумот бериш ва бу орқали Ўзбекистонга кўпроқ туристларни ва сармояларни жалб этишдир. Менинг кузатувим шуни кўрсатдики тахминан 10-15% ташриф буюрувчилар Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақида билимга эга бўлсалар, 30-40% баъзи маълумотларга эга, афсуски 45-50% Ўзбекистоннинг ҳатто қаердалигидан хабари йўқ. Айтиш керакки, 27 йил мустақилликдан кейин ва Ўзбекистонни аксар БМТ давлатлари тан олганлигига қарамай, Ўзбекистон ва унинг туристик салоҳияти ҳақида дунёда жуда оз киши хабардор. Бизнинг Ўзбекистон туризмига оид реклама ва маркетинг материалларини юбориш ҳақидаги электрон почта ва кейинчалик телефон орқали бир неча маротаба қилган мурожаатимизга Ўзбекистон Туризм қўмитасидан фақатгина қисман бир икки хил брошюраларни юбориши орқали қаноатлантирилганлиги бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплигидан далолатдир. Эндиликда Ванкувер ўзбекистонликлари икки йил ичида ортирилган ижобий тажрибамизни кейинги йилларда ҳам давом эттириш режамиз мавжуд.» – деди Ванкувер шаҳрида истиқомат қилувчи «Anori Management» компаниясининг Ижрочи директори Акмал Базаров.
Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон туризм қўмитасига тегишли расмий веб-сайтга Ўзбекистон ҳақида жойлаштирилган маълумотлар базасини янада ривожлантириш зарур. Бўлиб ўтган фестивалда кўплаб канадалик саёҳат агентликлари Ўзбекистондага сайёҳат уюштиришга ва туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга истиак билдиришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter