Камбағаллик айбми ёки айб эмас? Унга нима сабаб бўлади? Таваккалчилик ва тажриба
Камбағалликка нима сабаб бўлиши мумкин? Ижтимоий-иқтисодий муаммолар, боқувчисини йўқотиш, ишсизлик ва яна бир талай муаммолар. Ҳаммасини бир қарашда илғаб бўлмайди. Нечта оила бўлса, шунча тақдир, шунча муаммо бор.
Яқин-яқингача ҳам Ўзбекистонда камбағаллик ҳақида гапириш урф эмас эди. Кўриб кўрмасликка олиш — энг қулайи шу бўлган. Токи Президент гапирмагунга қадар. Фақат шундан сўнг истар-истамас тан олдик — ҳа, шунақа муаммолар йўқ эмас. Табиийки камбағалликни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳам шундан сўнг авж олди. Наманганнинг сўлим гўшаси бўлмиш Чортоқ туманидаги Баланд адир иссиқхоналар мажмуаси мана шундай тадбирлардан биттаси.
Ушбу лойиҳа тажриба сифатида иш бошлаган. Ташаббусни эса «Golden Nuts Namangan» МЧЖ ўз қўлига олди.
— Биз томорқа маҳсулотларини консервациялаш ва экспорт қилишга ихтисослашганмиз. Бунинг учун ўзимизда иссиқхона ҳам бор. Аммо охирги вақтларда хориж билан шартномаларни бажаришда муаммога дуч кела бошладик — маҳсулот етиштиришга улгурмай қолдик. Шу сабабли ҳокимиятга мурожаат қилдик ва ер ажратишларини сўрадик. Бизга мана шу лойиҳани таклиф этишди. Бажонидил қабул қилдик.
Бу ерда 1000 та икки сотихлик иссиқхоналар бор ва барчаси «темир дафтар»га тушган камбағал оилаларга ажратиб берилган. «Golden Nuts Namangan» уларга помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа полиз экинлари кўчатларини етказиб беради. Ҳосил тайёр бўлгач, бозор нархида яна ўзимиз сотиб оламиз ва қайта ишлаб, хорижга экспорт қиламиз. Бундан ҳамма ютади. Биз ҳам хориж билан имзоланган шартномаларни бажариш имконига эга бўламиз, камбағал оилалар эса қўшимча даромадни қўлга киритади, — дейди МЧЖ раҳбари Аҳад Эгамбердиев.
Албатта бунча ташаббусни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Аввало аҳолини кредит олишга кўндиришнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ҳам таваккал қилишни истамайди. Албатта уларга субсидиялар ажратилади, аммо барибир «олмоқнинг бермоғи бор», эртага бу ёғи нима бўлади?
— Насиб қилса ҳаммаси яхши бўлади. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бордик. Аввал қилмаган ишини бажара олишига ҳамманинг ҳам кўзи етмайди. Аммо кредит олган оилани ҳеч ким ташлаб қўймоқчи эмас. Уларга доимий маслаҳат бериб борилади, ўқитилади ва ёрдам берилади.
Энг муҳими — фуқаро олган ҳосилини кимга сотишни олдиндан яхши билади. Аслида деҳқон учун энг оғири ҳам шу, маҳсулотини сотиш. Биз кўчат ерга қадалгандан тортиб, сотилгунга қадар кўмак бериб борамиз. Бунинг учун бир йил етарли, у ёғига фуқароларимизнинг ўзи тадбиркор бўлиб кетади, — дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов.
Камбағалликдан чиқиш учун кредит беришнинг ўзи камлик қилади. Буни давлатимиз яхши тушунади. Шу боис ҳам умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилди.
Бу ерда иш ўрганиш, иссиқхона тилини тушуниш ва пул топиш учун деярли ҳамма шароит яратилган. Томчилаб суғориш тизими ўрнатилган, дарсхоналар ва ҳатто тупроқ таркибини текшириш учун кўчма лаборатория ҳам бор. Бу ёғига фақат меҳнат қилиш қолган ҳолос.
Бугун ушбу ҳудудга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва олиб борилган ишлар билан танишди. Ташриф давомида Давлат раҳбари яна қўшимча 10 мингта иш ўрни яратишга кўрсатма берди.
Халқимизда «камбағаллик айб эмас», деган гап бор. Дарҳақиқат, айб эмас. Аммо камбағалликдан чиқиш учун шунча имконият яратиб берилаётган экан, ҳаракат қилмаслик — мана буниси айб бўлади.
Шундай эмасми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter