Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналист ахлоқсизликда айбланиб видео тарқатилди. Ҳолатни ИИББ ва бошқа идоралар текширишни бошлади

Журналист ахлоқсизликда айбланиб видео тарқатилди. Ҳолатни ИИББ ва бошқа идоралар текширишни бошлади

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйнинг айвонидаги шахси аниқлаб бўлмас даражада узоқликдан тасвирга олинган номаълум эркак ва аёл ишқий муносабати акс этган видеолавҳа тарқатилмоқда.

Ушбу ахлоқсиз видео айрим шахслар томонидан монтаж қилиниб, ундаги номаълум аёл худдики Qalampir.uz таҳририяти журналисти сифатида талқин қилинган.

Qalampir.uz таҳририяти бу «ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас», дея баёнот берди. Бу видео таҳририят журналистининг танқидий чиқишларига қарши уюштирилган деб гумонланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан журналист Феруза Н. унга туҳмат қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилган. ИИББ хабарига кўра, ҳозирда мурожаат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралади.

Шунингдек, ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олингани маълум қилинди.

Эслатилишича, ёлғон (фейк) ва нохолис ахборотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қатъий жазолар белгиланган. Хусусан, туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган ЎРҚ 658-сон Қонуни билан шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг