Жорий йилги қурилишлардаги «қўшиб ёзиш»лар 37,4 млрд сўмга етган
Жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш соҳасидаги давлат дастурлари ижросини назорат тадбирларида 775 та ҳолатда 37,4 млрд сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланди.
Бу ҳақда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Беҳзод Муталлиев маълум қилди.
Прокуратура расмийсига кўра, назорат ишларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 1 863 та, «Янги Ўзбекистон» массивларидаги 685 та ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 6 007 та лойиҳа мониторингга олинган.
Ўрганиш якунларига кўра:
- Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида – 5 686 та объектда;
- Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 123 та объектда ишлар якунланган.
Дастур ижроси бўйича мутасаддилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Бош прокуратура ишчи гуруҳи томонидан Республиканинг барча ҳудудларида ўрганишлар ўтказилган.
«Юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 436 нафар масъуллар интизомий ва 1 245 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 050 нафар шахс расман огоҳлантирилди.
Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 215 та жиноят ши қўзғатилди, 5103 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди», – дейди Беҳзод Муталлиев.
Шунингдек, объектлардаги қурилиш ишлари сифати ва иш ҳажмларини тўлиқ бажарилиши ўрганилиб, 1 856 та ҳолатда 32,8 млрд сўмлик сифатсиз ишлар бажарилганлиги ҳам аниқланган.
Шундан, 1 444 та ҳолатда сифатсиз бажарилган 19,9 млрд сўмлик ҳамда 616 та ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 16,6 млрд сўмлик ишлар бартараф эттирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter