Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззахда прокурор пора билан қўлга тушди

Жиззахда прокурор пора билан қўлга тушди

Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори гўёки тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганлигини иддао қилиб, «хизмати» эвазига ундан 1300 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Қайд этилишича, Жиззах шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 2020 йилда банкдан 200 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олган ва ушбу маблағ ҳисобидан қорамол сотиб олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.

Бироқ, жорий йилнинг февраль ойида кредит берган банк тадбиркор томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланган деган хулоса билан вилоят прокуратурасига чора кўриш учун мурожаат қилган.

Ўз навбатида, ўрганиб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун мазкур мурожаат Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилиб, унинг назорати вилоят прокуратураси бўлим прокурорига юклатилган.

Мурожаатни ўрганиб чиққан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Лекин, вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори эса гўёки унинг ўзи тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганлигини иддао қилиб, «хизмати» эвазига ундан 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг