Жиззахда ўгай онанинг жирканч қилмишлари фош бўлди
...Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи Ғ. Н. турмуш ўртоғи вафот этган А.Ж. билан оила қураётганда бўлажак эрининг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлигини билган ва унга ғамхўрлик қилиш ваъдасини берган эди. Аммо у нафақат бу ваъдасидан қайтди, балки етим болаларни турли қийноқларга солиб, азоб-уқубатлар етказди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди вакиллари «Xabar.uz»га хабар қилди.
Аввалига ўзини бинойидек тутган Н.Ғ.нинг орадан кўп ўтмай «қилиғи» чиқа бошлади. Арзиган-арзимаган сабабларни рўкач қилиб, болаларга турли йўллар, ҳар хил баҳоналар билан тазйиқ ўтказа бошлаган.
Болаларнинг энг каттаси — ўн уч ёшли Нигина ва саккиз ёшли Мафтунага нисбатан зулмлар барчасидан ошиб тушарди — қизалоқлар таёқ зарбидан доимий равишда жароҳат билан юрар, ҳақорату камситилишлар эса уларнинг руҳий ҳолатини издан чиқараёзган эди. «Бировга айтсанг, ўзингдан кўр», деган таҳдид уларни ҳеч кимга миқ этмай, тақдирда тан бериб яшашга мажбур этарди.
Азоблар кундан-кун кучайса кучайдики, асло камаймади. Ҳаттоки, норасидаларнинг бири азобларнинг дахшатидан қочиб қўшнининг оғилхонасида тунашга мажбур бўлди. Пичоқ суякка бориб етгандан кейингина Нигина ва Мафтуна оиладаги ўта мудҳиш воқеалар тўғрисида тоғаларига хабар беришга мажбур бўлди.
Олиб борилган тергов жараёнларида шафқатсиз ўгай она болаларни овқат ўрнига молларга бериладиган қора ем ва... ўз ахлатларини ейишга мажбурлангани маълум бўлди. Ҳайҳот!.. Буни нима деб таърифлашни ҳам билмайсан киши...
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан жабрланувчиларнинг қонуний вакили М.Умаров иштирокида суд мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган Н.Ғ.га нисбатан 3 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter