Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззах. Мирзачўл. Нима бўлганди ўзи?

Жиззах. Мирзачўл. Нима бўлганди ўзи?

Фото: ЎзА

Шу кунларда бир воқелик кўпларнинг диққат марказида турибди. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида гўёки браконьерларга тўсқинлик қилгани учун безориликда гумонланиб, ҳибс этилган тўрт нафар фуқаро қийноққа солинибди. Эмишки, улар қаршилигига дуч келган «браконьерлар» собиқ ички ишлар ходимлари экан. Тизимдан кетган бўлса-да, «қувватдан кетмаган» зобитлар ўзларининг оромини бузиб, тартиб ўрнатмоқчи бўлган «тирранчаларни» шу тариқа тиқдириб юборибди, хуллас...

Тайёр шов-шувли мавзу. Матнга яна жичча «туз-намак» қўшилса, Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон давом этаётгани, аксарият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари отдан тушса-да, эгарни бўшатишни хаёлига келтирмаётгани ҳақида яхшигина тасаввур шаклланадики, бунақа маълумотни кўзга суртиб тарқатадиганлар қанча?!

Айни пайтда воқелик тафсилотига атрофлича тўхталиш мавриди эмас. Чунки, тергов кетяпти ҳозир, яна олдинда суд бор. Қисқаси, масалага ойдинлик киритган ҳолда ҳуқуқий баҳо берувчи инстанцияларда олдинда иш кўп. Шуларни била туриб, ақли бор орган ходими бировга ўйлаброқ қўл кўтариши эҳтимоли катта. Зеро, бугунги Ўзбекистонни салкам уч йил аввалгиси билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари масаласида. Тўғри, бу борада ҳал қилинадиган ишлар талайгина, аммо шу чоққача амалга оширилгани ҳам салкам инқилобий аҳамият касб этгани халқаро доираларда эътироф этилаётир. Шундай экан, «йўқни йўндириб», «қийноқ факти»ни юзага келтиришдан муддао нима экан, дейсан-да.

Юқоридаги мулоҳазалар шунчаки пайдо бўлгани йўқ. «Браконьер»ларга халал бергани учун гўёки ҳибсга олинган мирзачўллик фуқаролар ҳақида хабарнинг бир учи пайдо бўлгани ҳамоно Бош прокуратурага мурожаат қилгандик. Маҳкама матбуот хизматининг ёзма жавобидан кейин ҳам андак баҳслашишга тўғри келди. Баҳс жиноят тафсилотидан кўра «қийноқ факти» устида кечди. Идоранинг матбуот котиби алоҳида таъкидлашича, ҳибсдаги йигитлар қийноққа солинганлиги тўғрисидаги важлар тўлиқ текширилган. Ихтисослаштирилган прокурор ҳар бир ҳибсдаги гумонланувчи билан шахсан учрашиб, қийноқ факти мавжуд эмаслиги аниқланган. Ҳозир деярли барча тергов изоляторларига видеокамералар ўрнатилган, демакки, қийноқ бўлган-бўлмаганини аниқлаш қийин эмас. Шунча тафсилотлардан кейин ҳам шубҳангиз бўлса, муаммо Сизда, бизда эмас... Шу ўринда бир гапни таъкидлаб ўтай: жиноят оғир эканига қарамай, уларга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини бошқасига алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳам инсонпарварликдан далолат эмасми? Ҳозирда мазкур жиноят иши вилоят прокурорининг алоҳида назоратида турибди.

Нима бўлганди ўзи?

2019 йил 20 май куни фуқаролар Б.И, унинг жияни Ш.Й, Р.М. ва унинг ўғли С.К билан биргаликда балиқ овлаш мақсадида Мирзачўл тумани, Мирзачўл СИУ ҳудудидан оқиб ўтган зовурга боришган.

Фуқаролар Ш.Й ва С.К. зовурнинг бошланиш жойида балиқ овлаш учун тушиб олишган.

Фуқаролар Б.И. ва Р.М.лар улардан тахминан 2 км. масофа узоқликдаги зовурнинг ёнида балиқ овлаб ўтирган вақтда (тахминан соат 21:00 лар атрофида) юзига мато ўраган 6 нафар номаълум шахс келиб, ҳеч бир сабабсиз қўли ва қўлидаги ёғоч таёқлар билан Б.И. ва Р.М.ларни уриб, жароҳат етказиб, «Нексия-1» салонидан Б.И.га тегишли бўлган «Самсунг J-2» русумли қўл телефони, ҳайдовчилик гувоҳномаси, нафақа гувоҳномаси ҳамда 200 000 сўм ва 3 дона 1 долларлик пулларни, фуқаро Р.М.га тегишли «МI-6» русумли қўл телефонини ва 4 дона қармоқни олиб воқеа жойидан қочиб кетишган.

Суд тиббиёт экспертизаси томонидан берилган бирламчи маълумотда фуқаро Б.И.нинг бош тепа соҳаси тўқималари лат ейиши, ёрилган жароҳат, бош мия ёпиқ шикастланиши, тиш узилиб тушиши;

- фуқаро Р.М.нинг бош мия чайқалиши, бош пешона, кўз, қовоқ лат ейиши, пешона қош оралиғи соҳаси ёрилган жароҳат, кўкрак қафаси ўнг томони лат ейиши жароҳатлари олганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2019 йил 21 май куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни фуқаролар С.О., Б.Ж., Д.М., Н.Х., М.Қ., Д.М.лар содир этганлиги аниқланиб, улардан «Самсунг J-2» ва «МI-6» русумли уяли алоқа телефон аппаратлари ҳамда Б.И.га тегишли бўлган ҳайдовчилик гувоҳномаси, нафақа гувоҳномаси ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

...Яна бир карра қаламга олгулик мавзу-а? 

Судни кутамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг