Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Раҳмонқуловга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Раҳмонқуловга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Акрам Раҳмонқулов

Бугун, 29 декабрь куни Тошкент вилоят судида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Акрам Раҳмонқулов ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси С. Аширматов раислигида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, Акрам Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида яъни, 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, ушбу жиноят ишига алоқадор 30 нафарга яқин шахсларга ҳам тегишли жазолар тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, «Жиззахча тендерлар-2. Оилавий пудрат, бир неча юз миллиардлик давлат буюртмалари» сарлавҳали мақолада Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошларига тааллуқли бўлган хусусий компаниялар аксарият давлат буюртмаларини ўзаро «тақсимлаб олган»и қайд этилганди.

Ундан аввалроқ Жиззах вилояти ҳокими фармойиши ва уни бажариш вилоят раҳбари қизига тегишли корхонага юклатилгани билан боғлиқ хабарлар тарқалганди. Кўп ўтмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур воқеа юзасидан баёнот берди, лекин ўрганиш натижалари маълум қилинмади.

Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушиши ҳодисасидан кўп ўтмай, вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ишдан олинган ва унинг ўрнига янгилари тайинланганди.

Кейинроқ Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Акрам Раҳмонқулов тузган жиноий гуруҳ ҳақида гапириб ўтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг