Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 «Жазирама яна кутилмаган «совға»лар ҳозирлаган...» — олимлар

 «Жазирама яна кутилмаган «совға»лар ҳозирлаган...» — олимлар

Фото: «AFP»

Яқинда Канадада кузатилган аномал иссиқда юзлаб одам вафот этди. Ёзнинг биринчи ойи Шимолий ва Шарқий Европа, Осиё, ҳатто Сибирь минтақасида ҳам аввал кузатилмаган жазирамалар билан ёдда қолди. Иқлим ўзгаришларини кузатувчи «Copernicus» лойиҳаси хулосасига кўра, июнь ойи Шимолий Америкада ҳам яқин тарихдаги энг иссиқ ой бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 1998-2017 йилларда дунё бўйича аномал иссиқдан 160 минг киши вафот этган.

Аммо аномал иссиқ оқибатида ўлим топаётганлар сони расмий статистикадан кўпроқ бўлиши мумкин. Негаки, бу борадаги аниқ рақамлар кейинроқ юзага чиқади.  Масалан, 2003 йили Европада фавқулодда иссиқ ҳарорат оқибатида дастлаб 30 минг киши нобуд бўлгани айтилган. Аммо кейинроқ ўлим кўрсаткичи 70 мингга яқин бўлгани аниқланган.

2021 йил ёз мавсумида ҳароратнинг фавқулодда кўтарилиб кетгани глобал исиш жараёни билан боғлиқдир.

«Бу борада асосий омил иқлим ўзгариши эканига заррача шубҳа йўқ. Одатда одамлар кўча-кўйда ўлим топмайди. Балки улар ўз уйида, иссиқдан етарли ҳимоя мавжуд бўлмаган, кондиционер йўқ шароитда вафот этади», – дейди Оксфорд университет атроф-муҳит ўзгаришлари институти профессори Фредерике Отто.

Тадқиқотларга қараганда, агар глобал исиш ҳодисаси рўй бермаганда эди, аномал иссиқ оқибатидаги ўлим кўрсаткичи ҳам бир ярим баравар камроқ бўларди. Аномал иссиқдан Таиланд, Бразилия, Перу каби экватор чизиғига яқин мамлакатлар аҳолиси кўпроқ жабр кўриши маълум. Бу минтақаларда нафақат иссиқ ҳарорат, балки ўта юқори намлик ҳам инсон организмига ҳалокатли таъсир кўрсатади.

Олимларга кўра, иқлим ўзгариши инсониятга яна бошқа кутилмаган «совға»ларни ҳозирламоқда. Жумладан, Иқлим ўзгаришларини тадқиқ этиш институти асосчиси, профессор Брайан Ҳоскинс сайёрамизда исиш жараёни шиддатли кечаётганидан хавотирда. Олимнинг қайд этишича, Ер сайёрасининнг қор ва муз қопламаси ҳар йили 90 минг квадрат метрга қисқармоқда. Бу эса ҳар йили Озарбойжон давлати ҳудудичалик музлик эриб битмоқда деганидир. Бунинг устига, қишнинг қисқариб, ёзнинг узайиши кузатилмоқда. 1979 йилдан 2016 йилгача қиш фасли 10 кунга қисқарган, яъни совуқ фаслда ҳам фавқулодда илиқ ёки иссиқ ҳарорат қайд этилмоқда. 

Иқлим ўзгаришига доир Париж битими глобал ҳарорат кўтарилишини 1,5-2 даражада сақлаб қолишни кўзда тутади. Аммо экспертлар бу мушкул вазифа эканини айтмоқдалар. Масалан, инсоният тобора кўпроқ фойдаланаётган кондиционерлар атмосферага жуда катта миқдорда зарарли газ чиқармоқда. Бу газлар эса айнан глобал исиш янада кучайишига олиб келади.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши инсоният саломатлигига дахл қилиб қолмай, ижтимоий-сиёсий барқарорликни ҳам издан чиқаради. Гап шундаки, аномал иссиқ қурғоқчиликка, қурғоқчилик очликка олиб боради. Бу икки офат эса жамият барқарорлигига аёвсиз зарба беради. Тадқиқотларга кўра, Яқин  Шарқ ва Шимолий Африка давлатларини остин-устун қилган, «Араб баҳори» деб аталган қўзғолон ва оммавий тартибсизликларга ҳам қурғоқчилик асосий сабаблардан бири бўлган. Ярим миллион инсоннинг ёстиғини қуритган Суриядаги фуқаролар уруши замирида ҳам глобал сиёсий омиллардан ташқари айнан иқлим ўзгариши таъсири ҳам мавжуд.

Ёз фасли фавқулодда жазирамалари билан Ўзбекистон аҳолисини ҳам синовдан ўтказмоқда. Жорий ҳафта мамлакатимиз жануби ва чўл минтақаларида 44-46 даражагача иссиқ кузатилмоқда. Бу эса ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5-8 даражага юқоридир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг