Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жар ёқасидаги ўн икки жон. Олмалиқдаги вайронада яшаётганлар дардини ким тинглайди?

Жар ёқасидаги ўн икки жон. Олмалиқдаги вайронада яшаётганлар дардини ким тинглайди?

Фото: «Оила даврасида» газетаси

Юртимиздаги ўз ўрнига ва сўзига эга нашрлардан бири — «Оила даврасида» газетасида «12 жоннинг дардини ким тинглайди?» номли мақола эълон қилинди. Уни қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри Тоғолди кўчаси 35-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нигора Арслонова мурожаат қилди. Унинг айтишича, хонадони авария ҳолатига келиб қолган, бироқ ҳеч қайси мутасаддидан ёрдам ололмаётган экан.

Ушбу мурожаат юзасидан фуқаронинг хонадонида бўлдик. Очиғи, вазият биз ўйлагандан ҳам аянчлироқ экан. Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимларининг тоғда тинимсиз портлатиш ишларини олиб бориши натижасида деразаларидаги ойналари синиб тушган, ўртаси бўз тортиб бўлинган икки хонали тор ва вайрона кулбада тўрт оила, жами 12 киши яшамоқда. Улардан олти нафари вояга етмаган норасида. Энг ачинарлиси, мазкур кулбайи вайрона шундоқ жарнинг ёқасида жойлашган... Ота-она шўрлик болаларидан биронтаси жарга йиқилиб кетишидан ёки вайрона кулба устимизга қулаб тушмасин деган хавотирда юрак ҳовучлаб яшамоқда.

— Ўн йил илгари шу жойни сотиб олиб, уй солган эдик, — дейди Нигора Арслонова. — Дастлаб, қурган уйимиз уч хонали эди. Лекин тоғолди, конга яқин ҳудуд эмасми, тинимсиз портлаш бўлади. Ёмғир-қорли кунлардан бирида хонамиздан бири жарга ўпирилиб тушган. Яқин орада қолган икки хонамиз ҳам қулаб тушмасайди, деб жонимиз ҳалак. Жарлик ёқасида бўлгани учун уйимизни зах босган, ҳашаротлар кўпайган. Кунда-кунора уй ичидан чаён тутиб оламиз. Набираларимни чақиб олишидан қаттиқ хавотир олиб, бир неча йил бошқа жойларда ҳам сарсон-саргардонликда, ижарада яшаб юрдик. Лекин ижара ҳақи қимматлаб кетганига қурбимиз етмай, икки йилдан бери яна шу жойдамиз. Қирқ йил трактор ҳайдаган турмуш ўртоғим ҳозирда нафақада. Ижарага машина олиб, киракашлик қиляпти. Икки қизни узатганмиз. Афсуски, катта қизимнинг эри вафот этгач, бир фарзанди билан қайтиб келди. Шундан сўнг уни қайта узатган эдик. Лекин бу куёв уч нафар фарзанди билан қизимни ташлаб, ишлаш учун хорижга кетди-ю ҳалигача дараги йўқ. Бир неча маротаба алимент ундириб беришни сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилдик. Лекин куёвим бошқа давлатда бўлгани боис, уни бунга мажбур қилиб бўлмаслигини айтишдан нарига ўтишмади.

Яқинда келинимнинг ҳам кўзи ёриган эди. У ҳам уйимиздаги шароит ёмонлигидан онасиникига кетиб қолди. Хуллас, шу биргина ночор тураржойимиз фарзандларимизнинг ­оиласи пароканда бўлишига олиб келмоқда.

Қўрқинчли, аммо ваъда берамиз...

Хонадонда на газ бор, на ичимлик сув. Ҳартугул, электр токини бир амаллаб, қўлбола усулда тортиб келишган экан. Газ олиб келишга эса, қурби етмаган. Шу боис чой электрда, овқат ўчоқда қилинар экан.

— Уйимдаги аҳвол юзасидан икки йилдан бери туман ҳокимлигига қатнайман, — дея сўзини давом эттирди Нигора Арслонова. — Лекин бирон бир ижобий натижа бўлмади. Жорий йилда туман ҳокимининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан сўнг туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан вакиллар келиб, ҳолатни кўриб, қўрқиб кетишди. Бу уйда бир ёки икки йил яшаш тугул, бир кун ҳам туриб бўлмайди, деб кетган мутасаддилар шу бўйи қорасини кўрсатмади. Уйимиздаги вазиятни тегишли тартибда кўриб чиқиб, ижобий ҳал этиб берамиз, деган ваъдасини бажаришмади.

Аҳволимиздан маҳалла раиси ҳам хабардор бўлса-да, бирон марта бизнинг тарафимизни олиб, ёрдам қўлини чўзган эмас.

Туман ҳокимининг қабулига кириш учун роса ҳаракат қилдик. Лекин бу мақсадимиз ҳам амалга ошмай келяпти. Котибанинг айтишича, у бизга ўхшаганларни ҳокимнинг қабулига киритмагани учун маош олар эмиш. Президентимизнинг ўзи халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деб турган бир пайтда, ҳокимликдаги мутасаддилар тутган бундай йўлнинг моҳиятини ҳеч тушунмайман. Мен улардан текинга уй беришини ёки уйимни таъмирлаб беришларини сўраб мурожаат қилмаяпман. Арзон типдаги уй-жойлардан бизга ҳам ажратилишини ёки ўзимиз уй қуриб олишимиз учун, тўрт-беш сотих бўлса-да, тузукроқ жойдан ер ажратилишини сўраяпман, холос. Бир гал арзон уй-жой беришини сўрасам, бошланғич бадални тўлай олмайсизлар, деб аризамни қайтаришди. Ахир, бошланғич бадални тўлашнинг ҳам бошқача йўллари бордир... Бу борада давлатимиз раҳбари бир қатор қулайликлар яратиб беряпти-ку. Наҳотки, мутасаддиларимиз шуни била туриб, кўкрагимиздан итараверади? Бу адолатданми? Ҳеч бўлмаса, бизга бошқа жойдан тўрт сотих ер ажратишнинг иложи ҳам йўқмикан?

Сиғинди бўлиб яшаш машаққати
Ҳаётда ўз фарзандининг камолини, роҳатини кўришни истамайдиган одам йўқ. Кипригининг учида асраб, катта қилган фарзанди бахтли бўлса, ундан масрур инсон топилмайди. Нигора Арслонованинг эса бугун ҳаловати йўқолган. У ўзи эмас, нуридийдалари учун куйиб-пишмоқда. Икки қизининг тақдири ўхшамай, ота уйига қайтиб келгани ҳам дардини икки ҳисса орттирди. Энг ачинарлиси, не умидлар билан уйлантирган ёлғиз ўғлини ҳам оилавий шароити туфайли келини ташлаб кетди.

Бу гапларни ўқиётган муштарий, эҳтимол, аслида айб хонадон эгаларининг ўзида бўлса керак, йўқса, бунчалик кўргилик қаердан келарди, дея фикрга борар. Бироқ оила билан яқиндан танишгач, бу фикр нечоғли хато эканини англайди. Боиси, икки қиз ҳам одоб-ахлоқли, хўшрўйгина, фарзандларига меҳрибон, хокисор эканини ўзини тутишидан, гап-сўзидан сезиш мумкин. Уларнинг пешонасига битилган қисмат шудир, балки.

Оиланинг катта қизи С.Жўраеванинг айтишича, у ҳам туман ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаатига Олмалиқ шаҳар ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Қосимхўжаев имзоси билан қуйидагича жавоб хати келган. Хатни шундайлигича келтирдик:

«Сизнинг 2017 йил 12 декабрда шаҳар ҳокими номига ёзган аризангиз юзасидан шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Уй-жойларни ҳисобга олиш, тақсимлаш ва хусусийлаштиришга кўмаклашиш маркази» давлат корхонасига мурожаатингиз юзасидан ўзингиз иштирокингизда суҳбат ўтказиш учун таклиф этилганингизда суҳбат жараёнида қуйидагиларни, яъни: отангизга тегишли тоғолди кўчаси 35-А уйда рўйхатда туришингизни, ушбу уй авария ҳолатида эканлигини, 4 нафар вояга етмаган фарзандингиз борлигини, биринчи турмуш ўртоғингиз вафот этганлигини, иккинчи турмушингиздан 3 нафар фарзандингиз борлигини, турмуш ўртоғингиз билан яшамаётганингизни, шахсий тураржойи­нгиз йўқлигини инобатга олиб, тураржой ажратиб беришни сўраб, мурожаат қилганингизни маълум қилдингиз.

Сизга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сонли қарорига асосан, уй-жой фондидан чин етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, кам таъминланган меҳнатга лаёқатсиз I ва II гуруҳ ногиронлари, касалликни оғир шаклларига чалинган фуқаролар навбат асосида тураржойлар билан таъминланишини ҳамда авария ҳолатидаги тураржойлари (бараклар) бузилишга тушган уйларда яшовчи фуқароларга ўриндош сифатида жой ажратилишини, шаҳар ҳокимлиги сизни тураржой билан таъминлаш имконига эга эмаслигини ва кредит асосида тураржой олиш учун шаҳар ҳокимлигининг иқтисод бўлимига мурожаат этишингиз тўғрисида тушунтириш берилди».

Кўриб турганингиздек, ҳокимлик аёлга уй-жой бериш у ёқда турсин, ҳатто, унинг шароити билан ҳам яқиндан танишмаган. Унинг ўзидан эшитганлари асосида иш кўриб, бошқа жойга мурожаат қилиш учун «қимматли» тавсия берган, холос.

Хўш, шу ўринда ҳақли савол туғилади? Бугун давлат раҳбари инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканини бот-бот такрорлаб, туман ва шаҳар раҳбарларидан шу тамойил асосида ишлашни талаб қилиб турган айни бир пайтда, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ёрдамга муҳтож бир фуқаронинг мушкулини осон қилиш ўрнига, ўзидан соқит қилишини қандай изоҳлаш мумкин? Туман ҳокимлиги сизнинг талабингизни бажариш имкониятига эга эмас, деган гапидан демак, бутун бошли шаҳарда иқтисодий аҳвол бир муштипар аёлнинг истагини амалга ошира олмайдиган даражада ҳароб, ночор деган хулоса қилиш керакми?

Аслида шаҳар ҳокимлигидаги мутасаддилар муаммони бу тарзда — фақат қоғозда ҳал қилмай, ечимини топиш йўлларини кўриши зарур эмасмиди? Афсус...

Хуллас, мутасаддилар аёлга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто, вояга етмаган фарзандлари учун нафақа пули ҳам ажратмаган. Бу борада на маҳалла, на ҳокимлик ёрдам қўлини чўзган. Ёлғиз ўзи тўрт фарзанди билан бирга ота уйига сиғинди бўлиб яшашга мажбур.

* * *
Хонадондан чиқиб, Олмалиқ туман ҳокимлигига бордик. Ҳокимлик биноси пештоқига ҳокимнинг фуқаролар қабул қилиш куни жума куни деб ёзилганига кўзимиз тушди. 8.00 дан 12.00 га қадар белгиланган қабулда афсуски, на фуқаро бор, на ҳоким. Туман ҳокимлиги мутасаддисининг айтишича, қабул тугаган, ҳоким зарур иш билан чиқиб кетган экан. Ваҳоланки, бу пайтда соат ҳали 12.00 бўлмаган эди...

Фуқаро мурожаат қилди. Биз унинг дардини тингладик. Эътирозларини эшитдик. Унинг мурожаати ҳақида ҳоким билан юзма-юз гаплашиш мақсадимиз ҳам пучга чиқди. Эҳтимол, ҳокимлик мутасаддилари газетамиз саҳифалари орқали муносабат билдирар. Ҳарқалай, ночор яшаётган ўн икки жон ҳақи-ҳурмати, биз шундан умидвормиз...

Ғуломжон Мираҳмедов,
«Оила даврасида» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг