Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаннат оналар оёғи остидадур, лекин...

Жаннат оналар оёғи остидадур, лекин...

Қадимда бир олим шогирдларига турли илмларни ўргатар экан. Бир куни қуйидагича топшириқ берди: эртанги дарсга менга жаннат тупроғидан бир ҳовучдан олиб келинглар. Шогирдлар ҳайрону лол бўлишибди, ҳар қанча уринишмасин бу саволга жавоб топишолмабди. Фақат илмли, зукко, ибодатларга қоим бўлган, меҳрибон бир шогирди эртасига латтага ўралган бир ҳовуч тупроқни устози олдига қўйибди. Олим бунинг изоҳини сўрабди. Шунда шогирд дебди: «Сиз менга пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган бир ҳадисни ўргатган эдингиз: «Жаннат оналар оёғи остидадир». Шунинг учун мен меҳрибон онам оёқ излари босилган тупроқдан сизга олиб келдим. Берган топшириғингизга жавобим шу». Олим шогирдининг ақл-заковатига тан бериб, уни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган экан.

Албатта, бу воқеада тафаккур қилганлар учун жуда катта ибрат бор. Ортиқча изоҳга, таърифу тавсифга ҳожат йўқ. Тафаккур қилмаганларгачи?..

Сўнгги пайтларда оналарига бўлган меҳру муҳаббати изҳорини видеога олиб, телеграм каналига жойлаш одатга кирди. Аслида бу анъана уч-тўрт йил аввал кавказ халқларида бошланган эди. Кейинроқ улоқни биз олиб кетдик: оналаримизни ҳурмат қилишда, бошимизга қўйишда сизлардан кам эмасмиз. Кимдир онасининг туғилган кунида қўшиқ айтиб табриклаяпти, кимдир нафақат оёқ-қўлини, бошини ҳам мустақил тутиб туролмайдиган фалаж онасини уринтириб кўтарганча ҳовлига олиб чиқиб, стулга ўтирғизяпти. Яна кимдир... Худди шу мавзуда телеграмда яқиндагина тарқалган видео эса ҳаммасидан ошиб тушибди.

Онанинг туғилган куни бўлса керак стол атрофида аёллар ўтиришибди. Қўшиқчи йигит гитара чертганча оналарни мадҳ этяпти: «Менинг бойлигим, энг чиройлигим, меҳрибоним онажонимсиз...»

Бир йигит онасиннг пойига тиз чўкиб оёқларини ювяпти. Она бахтдан масрур, ҳаяжонда... Шунда кутилмаган ҳолат юз берди. Йигит онасининг оёқларин ювиб бўлгач, ўрнидан турди ва оёқлар ювилган идишдаги нопок сувни ичиб юборди, қолганига юз-кўзларини чайди. Сўнг онасининг елкаларидан қучиб, юзларидан ўпиб анча йиғлади...

Ғалати бўлиб кетдим. Онанинг оёқларини ювиб қўйишни тушунса бўлар, лекин нопок сувни ичиш шартмиди? Йигит бу билан нимани исботламоқчи? Жаннат оналарнинг оёқлари остида бўлса, демак, оналарнинг оёқлари ювилган сув ҳам муқаддас бўлиб қолади, демоқчими? Агар шундай ўйласа, бу илмсизлик, омиликдан бошқа нарса эмаску. Омилик эса жаҳолатнинг бошланиши. Унинг бу «ўзига хос меҳр-муҳаббати»дан таъсирланганлар, ҳатто қойил қолганлар ҳам бўлгандир эҳтимол. Ҳамма гап аслида ана шунда. Ҳадисларни, оятларни ўзича талқин қилиш ва буни оммага тарқатиш кўпчиликни, айниқса, диндан унча хабардор бўлмаган ёшларни чалкаштириб қўйиши турган гап. Оналар муқаддас экан, уларнинг оёқлари ювилган сувни бемалол ичиш мумкин экан, деган тушунчаларнинг пайдо бўлиши яхшиликка олиб бормайди. Яна битта бидъат, хурофот пайдо бўлгани қолади.

Менинг диний билимларим етарли эмасдир. Лекин шуни аниқ биламанки, Ислом дини аввало поклик динидир. Поклик, тозалик деган сўзларнинг луғавий маъноси барчамизга маълум. Улар ҳеч қандай кир, зарар ва шу каби салбий таъсирлар аралашмаган ҳолат ёки нарсани англатади. Ранги, ҳиди, таъми ўзгармаган тоза сув, покиза либос ва ҳоказо. Буларнинг барчаси моддий тозаликдир. Аммо маънавий поклик ҳам борки, бу поклик инсоннинг ички дунёсида, қалбида, руҳида бўлади. Демак, унинг моддий поклиги ҳам маънавий покликдан келиб чиқади. Ҳақиқий поклик – ҳам моддий, ҳам маънавий покликнинг қандай бўлишини эса бизга муқаддас Ислом динимиз ўргатади. Зеро, Исломнинг ўзи поклик асосида бунёд бўлгандир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, йигитнинг оёқлар ювилган сувни ичиши мантиқсизлик бўлиши билан бирга покликка ҳам зид амалдир. Зеро, динимиз бизни нафақат нопок ёки ҳаром, балки шубҳали нарсаларни ҳам еб-ичишдан қайтаради.

Шу каби тасвирларда яна бир ёмон қусуримизни кўргандек бўламан: РИЁКОРЛИК. Аввало, ҳар кимнинг онаси ўзига азиз, ҳар ким онасини ўзича ардоқлайди. Лекин, кўриб қўйинглар, мен онамни яхши кўраман, мана оёқларини ҳам  ювяпман, мендан меҳрибон фарзанд йўқ, қабилида иш тутиб, меҳрибончилигини оммага кўз-кўзлаш риёкорликдан бошқа нарса эмас. Динимиз эса риёкорликдан сақланишга чақиради.

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири риёдир. «Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва одамлар кўрсин маъноларини англатади. «Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди». «Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир», дея таърифланади китобларда. Бу билан таваллуд кунларини, оилавий тадбирларни тасвирга олиш керакмас демоқчимасман, керак, гўзал хотиралардан эсдалик улар. Фақат бу анъаналар оилавий бўлиб қолиши керак, бошқаларга улашиш энди ортиқча.

Зеро, барчамиз оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларида бўлишга буюрилганмиз. Фақат бу буйруқни чин дилдан, самимий, Аллоҳ ризолиги учун амалга оширайлик. Оналаримизни риёкорлик нишонига айлантирмайлик!

Усмонжон Йўлдошев, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг