Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Итдан бўлгансан!..» Марҳамат ҳокими ўринбосари (аёл) маданият бўлими бошлиғини ҳақорат қилди

«Итдан бўлгансан!..» Марҳамат ҳокими ўринбосари (аёл) маданият бўлими бошлиғини ҳақорат қилди

Фото: «ЎзА»

Андижон вилоятининг Марҳамат туман ҳокими ўринбосари —  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг раҳбари Маъмурахон Сотволдиева туман маданият бўлими бошлиғи Акмал Юлдашевни «илон пўст ташлайдиган» сўзлар билан ҳақорат қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда ishonch.uz сайти ёзмоқда.

Ҳоким ўринбосари ҳамда маданият бўлими бошлиғи ўртасидаги телефон орқали мулоқотда М.Сотволдиева айни кунда ўтган тадбирга ишора қилиб, «Қўлингдан келмаса айтмайсанми? Мени шарманда қилдинг! Вилоят ҳокимининг олдида туман ҳокимини шарманда қилдинг!» дея танбеҳ беради. Узуқ-юлуқ суҳбат асноси Акмал Юлдашевни курак тугул, тувакда турмайдиган сўзлар билан  «сийлаб», «Бугун ишдан бўшатмасам одаммасман!» деб огоҳлантиради ҳам.

Маълум бўлишича, бир гуруҳ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланишлари учун Марҳамат туманининг Полвонтош қишлоғи адирликларидан ер ажратишга қарор қилинган ҳамда жорий йил 10 март куни тадбирнинг очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган. Шу боис туман маданият бўлимига қарашли овоз кучайтиргич мосламалари тадбир манзилига етказилган. Бироқ маросим санаси 11 мартга қолдирилади. Айни шу куни туман марказида янги ишлаб чиқариш цехларини фойдаланишга топшириш маросими ҳам ўтказилиши сабаб овоз кучайтиргич ускунаси Полвонтошдан марказга қайтариб олиб кетилади, аммо айтилган жойга белгиланган вақтдан бироз кечикиб етказиб борилади.

«Аслида, тадбир чиройли ўтди, меҳмонлар ҳам ускуналар ўрнатилгандан бироз кейин етиб келди, – дейди Акмал Юлдашев. – Ҳоким ўринбосарининг ташкилотимдаги шароитни била туриб, камига нафсониятимга текканлигини ҳазм қилолмадим. Ўз ўрнида мен ҳам «саломга яраша алик» қайтардим».

Маданият бўлими бошиғининг қайд этишича, ташкилот балансида бирорта хизмат машинаси йўқ, алмисоқдан қолган биргина овоз кучайтиргични эса тадбирларга кўчадан такси ёллаб етказиб боришади.

Мухбир айни масалада ҳоким ўринбосаридан ҳам телефон орқали изоҳ олади.

«Ишлаб чиқариш цехининг очилиш маросимига овоз кучайтиргич мосламаси олиб келиш маданият бўлими бошлиғи зиммасига юклатилганди. Аммо аппаратура вақтида келмагани сабаб тадбир кечикди, меҳмонлар олдида хижолатда қолдик. Мен ҳам гап эшитдим. Тўғри, жаҳл устида Акмалга қаттиқ танбеҳ бердим, бу ишда бўладиган ҳолат. Ҳақоратомуз сўзларни гапирмадим, аммо сени ишдан бўшатаман, деган жойим бор», – дейди ҳоким ўринбосари.

Дарвоқе, таҳририят мухбирининг Маъмурахон Сотволдиева билан телефон орқали кечаётган суҳбати ўртасида нариги томондан гўшакни бошқа бир шахс тортиб олиб, ўзини Марҳамат тумани ҳокимининг ёрдамчиси «Умиджон» деб таништирди ҳамда бу масалалар телефонда ҳал этилмаслигини, «ҳокимиятга келинса, бафуржа гаплашиб олишини» писанда қилади.

Мухбирнинг таъкидлашича, айни ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш талаб этилади. Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳам ҳудудий бўлимдаги шарт-шароит масаласи юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириши зарур.

P.S. Ҳоким ўринбосари ва маданият бўлими бошлиғи ўртасидаги суҳбат аудиоси таҳририятда мавжуд. Бироқ одоб нуқтаи назаридан уни эълон қилишни лозим топмадик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг