Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким ўринбосари пора билан ушланди, яна бири 7 йилга қамалди

Ҳоким ўринбосари пора билан ушланди, яна бири 7 йилга қамалди

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 млн. сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жорий йилнинг май ойида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган эди.

Ҳовос тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг